КОНСТИТУЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТИМИЗ ПОЙДЕВОРИ

Ўтган давр мобайнида Республикамиз иқтисодий-сиёсий, ижтимоий ҳаётидаги ўзгаришлар, ислоҳотлар, қанчадан-қанча бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлиги бевосита Конституциямизга боғлиқлиги, ҳуқуқий фуқаролик жамияти қуришда ҳукуматимизнинг Конституция ва у асосида қабул қилинган қонунлар асосида фаолият олиб бораётганлиги, мустақиллигимиз билан бир қаторда Конституциямизнинг қабул қилинганлигини ҳам ҳар йили нишонланиши бежиз эмас, албатта.

Бир сўз билан айтганда, жамиятимизда ҳар қайси оила ва фуқароларимиз ҳаётида қандай ижобий ўзгаришлар содир бўлаётган бўлса, буларнинг барчасини Конституциямизда белгилаб қўйилган талаб ва қоидаларнинг ҳаётимиздаги амалий ифодаси деб қабул қиламиз.

Конституциямиз тарихан синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳужжатдир. Асосий қонунимиз энг ривожланган, тараққий топган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилган.

Шунинг билан бирга Конституциямиздан халқимизнинг узоқ ўтмиш даврлардан буён шаклланиб келаётган миллий тафаккури, муқаддас қадриятлари ўз аксини топган, халқимиз кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, иймон, олижаноблиқ бағрикенглиқ мардлик каби улуғ хислатлар ўрин олган.

Конституциявий комиссия томонидан Конституциянинг ғоявий мағзи, яъни концепцияси устида иш бошлаб юборилди. Натижада, 1992-йил баҳорида Конституция лойиҳасининг 149 та моддадан иборат янги тахрири ишлаб чиқилди ва у 1992-йил 26 сентябрда умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилинди. Конституция лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси ниҳоятда кенг кўламли бўлиб, юксак ижодий кўтаринкилик ва ишчанлик кайфиятида ўтди.

У жамиятимизда чинакам демократия қарор топишининг ёрқин намойиши бўлди.

 Ўз руҳи ва мазмуни жиҳатидан муҳокама давлат ва жамият ҳаётининг ўта муҳим масалалари бўйича бутун халқнинг умумий суҳбатига айланиб колди. Лойиҳанинг қизғин ҳамда манфаатли муҳокамаси халқимизнинг ўзи мустақил Ўзбекистон Асосий Қонунининг бевосита ижодкори бўлганлигини кўрсатди. Қарийб икки ой давом этган умумхалқ муҳокамасидан сўнг билдирилган таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилди ва лойиҳа ушбу таклиф ва мулоҳазалар асосида қайта тузатилиб, 1992-йил 21-ноябрда муҳокамани давом эттириш учун иккинчи маротаба матбуотда эълон қилинди.

Конституция лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси Ўзбекистон халқининг иродасини бевосита аниқлаш, шунингдеқ муҳокама давомида тўпланган бой материалларни ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва умумлаштириш, уни давлатнинг мужассам Асосий Қонуни сифатида ифодалаш имконини берди. Асосий Қомусимиз мустақиллигимизнинг меваси, маҳсули сифатида дунёга келди.

1992-йил 8-декабрда ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида муқаддима, 6 бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Конституция қабул қилинган кун 8-декабрь мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида дам олиш куни деб эълон қилинди.

Республикамизда давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб, конституция ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонун-қоидалар ваколат берилган идоралар томонидан амалга оширилишлиги, жамият ва давлат ҳаётнинг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилиши, республикада демократия умуминсоний тамойилларга асосланишини, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, Ўзбекистон Республикасида Конституция ва қонунларнинг сўзсиз тан олиниши каби муносабатлар ўз аксини топган.

Шунинг учун ҳам энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, қадр-қиммати тўғрисидаги тамойил Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилган.

Конституциямизда фуқароларимизни нафақат Ўзбекистон ҳудудида, балки унинг ташқарисида ҳам ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатиш, уларнинг яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи эканлиги, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмаслиги, жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги, мулкдор бўлиш, меҳнат қилиш, дам олиш, билим олишлиги кафолатланган.

Конституциямиз ўзининг туб моҳияти фалсафаси, ғоясига кўра янги  ҳужжат бўлиб, унда жамики дунёвий неъматлар орасида энг улуғи-инсон деган фикр илгари сурилди.

Конституциямизда давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Конституциянинг барча принциплари ва қоидаларини ҳаётимизга жорий этиш уларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб етишдан бошланади. Шу боис, Асосий қонунимиз туб маъно – мазмунига етиб бормоқ ва шу асосда Конституция қоидаларини ҳаётимизнинг таркибий қисмига айлантирмоқ барча давлат идоралари, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг ўта масъулиятли вазифаси, шарафли бурчидир.

Конституциямиз нақадар теран демократик заминга, қудратли сиёсий –ҳуқуқий ҳамда маънавий-аҳлоқий таъсир кучига эгалигини хаётнинг ўзи исботлаб турибди. Конституциянинг худди ана шу ғоявий ҳуқуқий-мафкуравий, маърифий-тарбиявий салоҳиятини, мазмун — моҳиятини аҳоли кенг қатламлари, айниқса, ёшлар онгига синдириш мақсадида мамлакатимиз биринчи Президенти томонидан 2001 йил 4 январда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида” фармойиши қабул қилинди.

Дарҳақиқат, жамиятимизнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган эътибор, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқларини энг олий қадрият сифатида эътироф этиш каби эзгу ғоя ва бош мақсад этиб танланганлиги бежиз эмас. Бош қомусимизнинг 13-моддасида Ўзбекистонда демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари oлий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади деб эътироф этилган.

Мамлакатимизда суд – ҳуқуқ тизимида кенг кўламда олиб борилаётган ислоҳотлар ва тарихимизда учрамаган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат ва нодавлат институтларининг пайдо бўлиши ушбу меъёрларнинг ҳаётдаги амалий тасдиғидир. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини барпо этиш, янги шахсни шакллантириш давлат қурилишида энг муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолди.

Ўтган қисқа даврда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларидан келиб чиқадиган, халқаро андозалар талабларига асосланган очиқ ҳуқуқий-ижтимоий вазият барпо этилди. Бу эса фуқароларпинг давлат ҳокимияти ва бошқа бошқарув органларида бевосита иштироки, шунингдеқ барча мулк шаклларига асосланган маъмурий-хўжалик тузилмалари билан турли-туман муносабатларни йўлга қуйишда имкониятлар яратиб берди.

Конституциямизнинг барқарорлиги, унинг энг муҳим принциплари ва  нормаларини ҳар бир Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари тўғри англаб олмоғи зарур. Чунки у маънавий – маданий эҳтиёжларни, ватанпарварлик туйғуларини, таъбир жоиз бўлса, халқнинг виждони ва диёнатини ўзида мужассамлаштирган бўлиб, биз учун муқаддасдир.

Шу боис Ўзбекистон Конституцияси ҳалқимизда ватанпарварлик туйғуларини тарбиялайди, давлатимиз рамзи бўлмиш Ўзбекистон мадҳияси, байроғи ва гербида ўз ифодасини топган бахт саодат сари етаклайди.

Шокиржон МИРЗАМАТОВ,

Риштон туманлараро иқтисодий судининг судьяси