Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан АОКА директори ҳамда вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган медиа тадбирлар режаси асосида Фарғона давлат университети талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ташкилланди.
“Ўзбекистонда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракати Ҳукумат томонидан эътироф этилганига 20 йил тўлди” мавзусида ўтказилган мазкур тадбирда мамлакатимизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ижросини таъминланишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 414-сон қарори ўрни ва аҳамиятига алоҳида урғу бериб ўтилди.
Таъкидландики, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун жамоатчиликни кенг жалб этиш, ички истеъмол бозорида сифати паст, одамлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи товарлар сотилишига йўл қўймаслик устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини оширишга доир ишларни фаоллаштириш мақсадида қабул қилинган мазкур қарор билан юртимизда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракати кенг қулоч ёйишига мустаҳкам замин яратиб берилган.
Мазкур қарор билан мамлакатимизда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ташкил этилганлиги эътироф этилиб, унинг асосий вазифалари, федерация тузилмаларининг моддий-техника таъминоти масалалари, соҳага дахлдор давлат бошқаруви идоралари билан ҳамкорлиги ва улар томонидан кўрсатиладиган амалий ёрдамлар, федерация фаолиятини, соҳадаги муаммолар ва камчиликлар ҳамда уларни ҳал этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни, истеъмол маданиятини ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича анъаналарни кенг ва мунтазам ёритиш масалаларини ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланганди. Ўтган давр ичида ушбу қарор талаблари асосида республикамизда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатини кенг ривожлантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилди ва бугунги кунда ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Тадбир давомида иштирокчиларга мавзу юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериш баробарида уларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилиб, уларнинг соҳага оид масалалардаги фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари ҳам тингланди.