Ишлаб чиқаришнинг юқори самарадорлиги билан вилоятимизнинг ОАВ вакиллари яқиндан танишиб чиқдилар

“Фарғонаазот” акциядорлик жамиятида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ишлаб чиқариш билан боғлиқ корхонадаги ислоҳотлар, янги маҳсулот турлари, экспорт ва импорт масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжумани “Фарғонаазот” АЖ бошқаруви раиси Дилшод Маннонов бошчилигида бўлиб ўтди. Жамият раҳбари ўз нутқида, корхонанинг минерал ўғитлар ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришда эришаётган ютуқлари ҳамда ривожлантириш истиқболлари тўғрисида ОАВ вакилларига батафсил маълумот берди. Шу ўринда у мамлакатимизда матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари билан очиқ ва ошкора мулоқот қилиш ҳозирги шиддат билан ўсиб бораётган замонимизнинг асоси эканлигини, сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган салмоқли амаллар жамиятимиз ҳаётида туб бурилишга сабаб бўлаётганини таъкидлаб ўтди.

Анжуман давомида ишлаб чиқариш ва техник бошқармаси бошлиғи Қобилжон Назиров журналист ва блогерларни янги техника ва технологияларни ишлаб чиқариш жараёнига тадбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, маҳсулот ҳажмини ва сифатини оширишга, энергия сарфини қисқартиришга ҳамда маҳсулотларни экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган ишлар билан таништирди.

Анжуманда меҳмонлар корхона ҳаёти, ишлаб чиқариш, жамият экологияси, ишчи-ходимларнинг фаолиятига оид бўлган саволларга жавоблар олдилар. Сўнг, “Яшил макон” умумиллий харакати доирасида ўтказилаётган “Долзарб 40 кунлик” тадбирида иштирок этиб, корхона ҳудудларига кўчатлар ўтқазишда ўз ҳиссаларини қўшишди.

Матбуот анжуманида ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита танишиш мақсадида, ОАВ вакиллари корхонанинг 2-саноат майдонида жойлашган кучсизлантирилган азотли кислота ва аммиакли селитра цехига ташриф буюришди.

“Фарғонаазот” акциядорлик жамияти матбуот хизмати