Сергели туманида 2,5 млрд сўмлик имтиёзли кредит маблағларини талон-торож қилган шахслар аниқланди, деб хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.
Туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «I-A» МЧЖ раҳбари ва бошқалар банк филиалидан эҳтиёт қисмларни сотиб олиб, савдо фаолиятини кенгайтириш учун ажратилган 2,5 млрд сўм имтиёзли кредитни ўзлаштирилганликда гумонланмоқда.
Маълум бўлишича, бу маблағ эвазига корхона томонидан эҳтиёт қисмлар етказиб берилмаган бўлсада, гўёки эҳтиёт қисмлар етказиб берилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.