Муҳтарам Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъимнлаш, давлат функциялари ва уларни бажарувчи ташкилотлар тузилмалари, маъмурий бошқарув фаолияти усул ҳамда услубларини қайта кўриб чиқиш, халқимизга хизмат қиладиган замонавий ва самарали бошқарув тизимини яратиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлаш маъмурий бошқарув тизимида ислоҳотлар ўтказилишини талаб этар эди.
Жорий йилнинг 8 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат органлари ва ташкилотларида меҳнат қилаётган 118 минг нафардан зиёд давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи ва уларнинг фаолиятини ягона қоидалар асосида тартибга солувчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунни имзолади.
Давлат фуқаролик хизмати – давлат хизматининг бир тури бўлиб, фуқароларнинг давлат фуқаролик хизмати лавозимларида, давлат органлари ваколатларини амалга оширишни назарда тутувчи, ҳақ тўланадиган касбий фаолият ҳисобланади.
Мазкур Қонунга мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчиларига қуйидаги талаблар белгиланмоқда: аввало, олий маълумотга ва давлат фуқаролик хизмати ҳамда эгаллаган мутахассислигига доир қонун ҳужжатларини қўллаш учун зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиши, давлат ҳамда хорижий тиллардан бирини мукаммал билиши, стратегик ва таҳлилий фикр юрита олиши, қарорларни тез қабул қила олиши ҳамда уларни бажара олиши, юқори профессионализм, софлик ва адолатда ўрнак бўлиши ҳамда иш вақтидан самарали фойдалана олиши ва тадбирларни режалаштириш кўникмаларига эга бўлиши, мунтазам ўз устида ишлаши, хусусан хорижий тажрибани кузатиб бориши ҳамда энг афзал жиҳатларини иш жараёнига қўллай олиши, коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига кўмаклашиши, ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймаслиги, охирги уч йилда давлат органлари ва ташкилотларидан салбий сабабларга кўра белгиланган тартибда бўшатилмаган бўлиши лозим.
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри Президент томонидан тасдиқланади ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан юритилади. Реестрга киритилган лавозимларга давлат хизматчилари очиқ танлов асосида тайинланади.
Эндиликда мамлакатимизда ҳам кадрларни очиқ мустақил танлаб олиш шартлари асосида саралаш ва лавозимларга жойлаштириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, юртимизда ва хорижда малакасини ошириш, уларга даражалар бериш орқали мансаб поғоналаридан кўтарилиб боришини таъминланади.
Ойбек ХОМИДОВ, Марғилон шаҳар ҳокими биринчи ўринбосари