ФАРЗАНДНИ БОШҚА ШАХСГА “ХОЛИС” БЕРИШ ЖАВОБГАРЛИККА ОЛИБ КЕЛАДИ

Мамлакатимиздаги ҳар бир қонунинг мақсади инсон ҳаётини ва дахлсизлгиини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни ошириш ва соғлом турмуш тарзини яратишдан иборат. 2020 йил 17 август куни “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунни янги таҳрирда қабул қилиниши бунга яққол мисол бўла олади.

Одатда қонунларни янги таҳрирда қабул қилишга ижтимоий муносабат турларини кўпайиши, ахборот коммуникацияларини ривожланиши, илм-фан тараққиёти ва бошқа омиллар сабаб бўлади.

Одам савдоси ўзи нима деган саволга қонун ҳужжатларидан жавоб олсак, биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасида одам савдоси деганда одамни олиш-сотиш ёки одамни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тушунтирилган ва жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги 12-сонли “Одам савдосига оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорида олди-сотди тариқасидаги одам савдоси одамнинг бир шахс томонидан бошқасига пул, бошқа моддий қимматликлар (мулк), мулкий характердаги хизматлар, мулкий ёки пул шаклидаги қарздан воз кечиш ва бошқалар сифатидаги ҳақ эвазига берилиши тўғрисида ёзма ёки оғзаки битим тузилишини назарда тутади. Бундай кўринишдаги одам савдосида одам қандай мақсадларда сотиб олинганлиги (сотилганлиги) ҳуқуқий аҳамият касб этмаслиги кўрсатилган.

Ҳозирги кунда содир этилаётган одам савдоси жиноятининг салмоқли қисмини чақалоқлар савдоси ташкил қилмоқда. Ушбу турдаги жиноятларни содир этишга олиб келган омиллар ўрганилганида оилавий муҳитнинг тўғри шаклланмаганлиги, ёшлар ўртасида никоҳсиз туғилаётган гўдаклар тақдири ҳал қилинмаётгани ва ҳаттоки фарзанд дунёга келтириш орқали даромад олишни касб қилиб олган шахсларнинг ҳатти-ҳаракатлари оқибатида юз бермоқда.

Энг ачинарлиси чақалоқ дунёга келган шифохонада савдолар бошланиб кетиши, бу савдоларда даллоллик вазифасини тиббиёт ходимлари томонидан бажарилиши, натижада чақалоқнинг ўз оиласидан ажралишига олиб келмоқда. Фарзанд асраб олишни орзу қилган оилалар, айрим уддабурон “одамфуруш”ларнинг тузоғига илиниб, жиноят кўчасига кириб қолаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас.

Бу каби жиноятлар содир этишни олдини олишнинг энг самарали усули халқимизнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, давлат идорали билан жамият ўртасида узвий боғлиқликни таъминлаш орқали юзага келаётган ижтимоий муносабатларни ҳал қилиш учун тегишли идораларга мурожаат қилиш, жумладан, фарзандликка олиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда туман ҳокимликларига ариза билан мурожаат қилиш орқали ўз ечимини топишдир.

М.ТЎЛАНОВ, Наманган вилояти Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

С.АБДУСАТТОРОВ, Жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман суди раиси