Олтиариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан Навқирон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи И.Жамоловнинг Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Мурожаатда фуқаро туман газ идораси томонидан табиий газ истеъмолидан 1 222 330 сўм қарздорлик мавжудлиги бўйича мобил телефонига юборилган СМС хабарномасининг ҳақиқатга тўғри келмаслиги масаласида шикоят қилган.
Истеъмолчи мурожаати туман газ идораси масъул ходимлари иштирокида ўрганилганда, хонадонда замонавий русумдаги янги электрон ҳисоблагич ўрнатилганлиги, ҳозирда хонадонда табиий газ мавжудлиги қайд этилди. Демак, мантиқан олиб кўрилса, ушбу ҳолатнинг ўзи истеъмолчида қарздорлик бўлиши эҳтимолини йўққа чиқаради. Бу хонадон томонидан истеъмол қилинган газ ҳажмлари ва амалга оширилган тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинганда ҳам исботини топди.
Ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, истеъмолчига СМС хабар нотўғри юборилганлиги бўйича жавоб хати юборилиб, газ идораси ходимларига эса амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари тарғиботи ўтказилди.