Бозорларда сотилаётган маҳсулотлар қонун талабларига жавоб бера оляптими?

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Фарғона вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган медиа тадбирлар режаси асосида Фарғона шаҳар Марказий Деҳқон бозори қошидаги Ветеринария-санитария экспертиза (ВСЭ) лабораторияси фаолияти билан танишиш мақсадида «Деҳқон бозорларида сотилаётган маҳсулотларнинг амалдаги меъёрлар талабларига жавоб бериши, истеъмолчилар ҳаёти, соғлиги ва мол-мулкига зиён етказмаслиги бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?» мавзусида пресс-тур ўтказилди.

Пресс-тур Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида давлат назорати департаменти Фарғона вилоят бўлими, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Фарғона вилоят бошқармаси ҳамкорликда ташкилланди.


Ўтказилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад бозорларда маҳсулотларни, айниқса гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотларини, шунингдек мева-чева, сабзавот ва полиз маҳсулотларини аҳолига реализация қилишда мазкур маҳсулотларнинг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талаблари, хусасан қонуннинг 12-моддасига асосан санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган бўлишини ва истеъмолчиларнинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, уларнинг мол-мулкига зарар етказмаслигини таъминлаш бўйича ваколатли идора томонидан олиб борилаётган давлат назорати ишлари билан оммавий ахборот воситалари вакилларини таништиришдан иборат бўлди.

Тадбир доирасида иштирокчилар ВСЭ лабораторияси масъул ходимларидан соҳага оид масалаларда амалга оширилаётган ишлар, янгиликлардан бохабар бўлишилари баробарида, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар ҳам олдилар.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати