Тадбир давомида гиёҳвандлик билан шуғулланаётган кимсага чора кўрилди

Қўштепа тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида Қўштепа туманида яшовчи Садриддин Тожибоевнинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Тадбир давомида унинг яшаш хонадони омборхонаси токчасида 2 ва 3 литрли шиша идишларда ўткир ҳидли, яшил рангли наша ўсимлигига ўхшаш қуруқ ҳолдаги моддалар сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинди.

Суд кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, Садриддин Тожибоев хонадонидан ашёвий далил тариқасида олинган қуритилган ҳолдаги, яшил рангли, ўзига хос ҳидга эга бўлган моддалар таркибида фаол гиёҳванд модда-тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, бу модда “Марихуана” деб аталувчи гиёҳвандлик моддаси эканлиги ва унинг соф оғирлиги 50 грамм эканлиги аниқланди.

Суд наркология экспертизасининг хулосасига кўра, Садриддин Тожибоевда “эпизодик наша чекиш” ҳолати аниқланганлиги, гиёҳвандлик касаллиги аниқланмаганлиги, шу сабабли мажбурий тартибда даволанишга муҳтож эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Судланувчи Садриддин Тожибоевга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан сутканинг соат 22:00 дан 06:00 га қадар чиқишни чеклашдан иборат 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

А. ЭРГАШЕВ, Жиноят ишлари бўйича Қўштепа судининг раиси