Сўнгги йилларда мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, суд ишларини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув тамойили қўлланилишини янада кенгайтириш ҳамда ушбу соҳада халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Шу билан бирга маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича инсонпарварлик тамойилларини янада кучайтириш, инсон ҳуқуқларини бузилишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 4 октябрдаги ЎРҚ-720-сонли Қонунига асосан ярашув институти жорий қилинди.
Ушбу қонун асосида киритилган ўзгартиришдан мақсад айрим турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жазо тайинламасдан туриб, бузилган ҳуқуқларни тиклаш, ижтимоий муносабатлар мувозанатини сақлаш ҳамда миллий урф-одатларни ҳурмат қилиш маданиятини юксалтиришдир.
Қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўрисидаги кодекснинг 212-моддаси билан тўлдирилиб, унда ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш белгиланган.
Унга кўра МЖтКнинг 40-моддасида (туҳмат), 41-моддасида (ҳақорат қилиш), 45-моддасида (фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 46-моддасида (фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш), 461-моддасида (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), 52-моддасида (енгил тан жароҳати етказиш), 612-моддасида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 104-моддасида (экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш), 133-моддасида (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши), 134-моддасида (ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши), 183-моддасида (майда безорилик) ҳамда 200-моддасида (ўзбошимчалик) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Муҳаммадиброҳим ТЎЛАНОВ,
Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси