Фарғона вилояти Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари Бухоро вилояти Шофиркон тумани Боғишамол МФЙ ҳудудида яшовчи Ё. Ҳаққуловнинг сотиб олинган товар нуқсонли чиққанлиги сабабидан тўланган пулни қайтаришда ёрдам кўрсатилишини сўраб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
— Тошлоқ туманилик Йигитали исмли тадбиркордан 8 000 000 сўмга автомобил эҳтиёт қисми — инжектор сотиб олгандим, лекин инжектор яроқсиз чиққач, унга бу ҳақда ўз эътирозларимни билдириш ва пулимни қайтаришини сўраш учун бир неча бор телефон қилдим. Лекин у телефон қўнғироқларига жавоб бермади. Шундан сўнг ишонч телефонига мурожаат қилишга мажбур бўлдим, — дейди Ё.Ҳаққулов.
Туман жамияти мутахассислари мурожаатни ўрганиш давомида истеъмолчи томонидан эътироз билдирилаётган шахс туманда фаолият олиб бораётган якка тартибдаги тадбиркор Й.Ғофуров эканлигини, унинг томонидан истеъмолчи Ё.Ҳаққуловга ҳақиқатда юқоридаги суммага инжектор сотилганлигини аниқлаб, сотувчига юзага келган ҳолат ва мазкур ҳолатда истеъмолчи ҳуқуқлари, сотувчининг мажбуриятлари борасида тушунтиришлар бериб ўтдилар. Ўрганиш якунлари билан эса истеъмолчининг харид қилингандан сўнг нуқсонли эканлигини маълум бўлган товар учун тўланган пул маблағи тўлиғича қайтарилишига эришилди.