Солиқ ислоҳотлари – тадбиркор таянчи

Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг асосида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига кенг шароитлар яратиб бериш, иқтисодий фаолиятини солиқлар воситасида рағбатлантириш ва давлатнинг иқтисодий қудратини юксалтириш ётади.

Мазкур мақсадларни амалга оширишда солиқ тизимининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Зеро, аниқ мақсадли, давлат томонидан олиб борилаётган иқтисодий сиёсатнинг мазмунига мос бўлган, адолатли ва изчил солиқ тизимининг жорий этилиши, бир тарафдан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини рағбатлантирса, бошқа тарафдан давлатнинг иқтисодий қудратини юксалтиришга, мамлакат ғазнасининг ўз вақтида тўлдирилишига сабаб бўлади.

Сўнгги йилларда юртимизда солиқ юкини камайтириш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига солиқ имтиёзларини бериш, солиқ тўловчиларга енгилликлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2017-2021 йиллар давомида солиқ турлари 16 тадан 9 тага камайтирилди, назорат шакллари 13 тадан 2 тага қисқартирилди, мол-мулк солиғи, даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробарга, ҚҚС (қўшилган қийман солиғи) 20% дан 15% га туширилди, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ихтиёрий бажарилиш даражаси 80%дан 95% ошди. “Economic freedom” иқтисодий эркинлик рейтингидага “Tax burden” солиқ юки индикатори бўйича кўрсатгич 90.7 баллдан 92.4 баллга кўтарилди.

2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида:

2026 йил бориб тадбиркорлик субъектларига солиқ юкламасини ялпи ички маҳсулотнинг 27,5 фоизидан 25 фоизи даражасига камайтириш;

Давлат бюджети тақчиллигини қисқартириш ва 2023 йилдан ялпи ички маҳсулотга нисбатан унинг 3 фоиздан ошиб кетмаслигини таъминлаш вазифалари қўйилди.

Мазкур имтиёз ва переференциялар албатта, биринчи навбатда мамлакатда тадбиркорлик ва инвестициявий муҳитни янада яхшилаш орқали иқтисодиётнинг бозор тамоилларига асосан, эркин ривожланишига кенг шароит яратиб беришни таъминлашга қаратилган.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ҳар қандай давлат ва жамиятнинг иқтисодий ривожида солиқлар муҳим аҳамият эгаллаши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат ҳисобланди. Чунки, ундириладиган солиқлар давлатнинг иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ва ҳарбий қудратининг ортишига, аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож қатламини самарали ҳимоя қилишга хизмат қиладиган, иқтисодий базани шакллантиради.

Шу ўринда, АҚШнинг асосчиларидан бири сиёсатчи, дипломат, ихтирочи ва ёзувчи Бенжамин Франклиннинг қуйидаги фикрлари билан аҳамиятга молик, “Дунёда ҳеч нарса солиқ ва ўлим каби муқаррар эмас”. Демакки, қандай давлатнинг ривожланишида солиқларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши қонун йўли билан таъминлаб келинган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар деб кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 8-моддасида эса ҳар бир шахс ушбу Кодексда белгиланган солиқлар ва унда назарда тутилган йиғимларни тўлаши шартлиги белгиланган.

Шундай экан, ўзини шу Ватан фарзанди деб ҳисоблаган ҳар бир шахс ўз зиммасига юклатилган солиқ ва йиғимларни ўз вақтида тўлаши керак.

Б.ЮЛДАШЕВ, Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси