Ёзёвонда “Истеъмолчилар уйи” иш бошлади

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Президентимизнинг 2021 йил 4 мартдаги «2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-6181-сон Фармони ҳамда ушбу Фармон асосида тасдиқланган «йўл харитаси»да белгиланган вазифалардан келиб чиққан, бугунги кунда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан янада ривожлантириш бўйича инновацион ғоялар орқали ўз ташаббусига таянган ҳолда фаолият кўрсатаётган жамоатчилик ташкилоти сифатида турли лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриб келмоқда.

Федерация томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3271-сонли “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ҳамда Давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида дастлаб «Истеъмолчи кутубхонаси», сўнгра «Истеъмолчилар уйи» номлари остида ишлаб чиқилган, кейинчалик юқорида номи зикр этилган Концепцияда белгиланган «давлат+фуқаролик жамияти институтлари+тадбиркорлик субъектлари» тамойилига асосланган ҳолда такомиллаштирилган ушбу лойиҳалар асосида бугунги кунга қадар вилоятимизнинг Олтиариқ, Риштон, Бағдод, Фарғона, Қўштепа туманларида ҳамда Фарғона шаҳрида, маҳаллий ҳокимликлар кўмагида, истеъмолчилар учун маъмурий бинолар қуриб битказилиб, ишга туширилди ва бугунги кунда фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ёзёвон тумани марказида ҳам туман ҳокимлигининг амалий кўмагида «Истеъмолчилар уйи» маъмурий комплекси қуриб битказилиб ишга туширилмоқда. Унда аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш мақсадида ташкил этиладиган “Истеъмолчи кутубхонаси” билан бир қаторда, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг “маҳаллабай” тизимини жорий этишга қаратилган “Ҳуқуқий маслаҳат” маркази фаолияти ҳам қўйилади.

Бугун мазкур бинони тантанали очилиш маросими ўтказилиб, унда Федерация марказий аппарати, вилоятлар ҳудудий бирлашмалари раҳбар ва масъул ходимлари, маҳаллий ҳокимлик ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Очилиш маросимида сўз олган туман ҳокими Дилшоджон Джалилов, Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов ҳамда бошқалар томонидан ҳудудда ўз иш фаолиятини бошлаётган «Истеъмолчилар уйи» туман аҳолиси (истеъмолчилари)нинг ҳуқуқий билимларини ва истеъмол маданияти ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш маскани бўлиб қолиши тўғрисида ўз тилакларини билдириб ўтдилар.

Очилиш маросими доирасида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда уни амалиётга татбиқ қилиш масалалари» мавзусида матбуот анжумани ҳам ўтказилди. Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакилларига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига 2022 йил 18 январдаги 746-сон Қонун билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, уни амалиётга жорий этиш масалалари, қонун ижросини таъминлашда кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш масалалари юзасидан ахборотлар бериб ўтилиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати