Мамлакатимизда сўнгги беш йилликда амалга оширилган демократик ислоҳотлар натижасида суднинг давлат ҳокимиятининг алоҳида тармоғи сифатидаги мустақиллиги мустаҳамланди, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий таъминоти яхшиланди. Аҳолининг суд ҳокимиятига ишончини янада ошириш ва судни чин маънода адолат қўрғонига айлантириш борасидаги навбатдаги энг муҳим вазифа соҳани билимли, малакали, маънавияти юқори ва масъулиятли кадрлар билан таъминлаш бўлиб қолмоқда.
Амалдаги қонунчилигимизда судьяликка номзодларга қўйиладиган талаблар кўрсатиб ўтилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни 67-моддасига мувофиқ, “Ўттиз беш ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин.
Қуйидагилар судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин эмас:
жиноят содир этганликда айбланаётган шахс;
илгари судланган ёки ўзига нисбатан жиноят иши реабилитация қилмайдиган асослар бўйича тугатилган шахс;
чет давлат фуқаролигига эга бўлган ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи яшаш гувоҳномасига ёхуд бошқа ҳужжатга эга бўлган шахс;
суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахс;
психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахс;
судьянинг ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бошқа касалликка чалинган шахс”.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгашининг 2018 йил 29 январдаги 490-сонли қарори билан “Судьялар одоб-аҳлоқ кодекси” тасдиқланган бўлиб, ушбу кодекснинг 1-моддасида “Кодекс ҳар бир судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган, юксак одоб-аҳлоқ талабларига, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари қоидаларига, одил судлов ва судьялар одоб-аҳлоқи соҳасидаги халқаро стандартларга асосланган ҳулқ-атвор қоидаларини белгилайди”, деб кўрсатилган.
Юқорида кўрсатиб ўтилган норматив ҳужжатларда судьяликка номзод ва судьяларнинг хизмат ва хизматдан ташқари вақтда ўзларини тутишлари ва аҳлоқ-одобларига оид қатор талаблар белгиланган. Бироқ, қатор илмий мақолалар ва жамоатчилик муҳокамасида судьянинг юксак маънавиятли инсон бўлиши кераклиги кўп таъкидлансада, шу вақтга қадар судьянинг маънавий фазилатлари ҳақида аниқ тушунча берувчи ва бундай фазилатларни шакллантиришга хизмат қилувчи қўлланма ёки илмий мақолалар сони кўп эмас эди.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан нашрга тайёрланган “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китоби айни суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида, суд тизимидаги судьялар ва суд ходимларининг, судьяликка номзодларнинг ва келгусида бундай шарафли касбни эгаллашга аҳд қилган ёшларнинг маънавий фазилатларини ривожлантиришга хизмат қиладиган қўлланма ҳисобланади.
Мазкур китоб ҳақида фикр билдирган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Хуршид Дўстмухаммад китоб тўғрисида “Ниҳоятда самимий руҳда ёзилган мақолалар мутолааси судьяларимиз тафаккури, дунёқараши ва албатта, касбий малакаси ва инсоний аҳлоқининг тобланишида яқин ёрдамчига, маслаҳатчига ва амалий кўмакчига айланиши муқаррар. Зеро, том маънодаги адолат инсонни севишгина эмас, балки уни тушуниш, тушунган ҳолда ўзга инсон устидан холис ҳуқуқий ҳукм чиқаришдан иборатдир”, дея фикр билдирганлар.
Китобда кўплаб уламо ва сиёсий арбобларнинг адолат ва адолатли қозилар (судьялар) тўғрисидаги фикрлари ҳамда фалсафий қарашлари келтириб ўтилган.
Хусусан, Али ибн Абу Толибнинг “Ўзингизга душманлик қилган кишини авф этингиз, лекин Ватанингизга, миллатингизга, динингизга душманлик қилган кишини кечирмангиз” ва Цицероннинг “Ҳалол одам ҳакамлик курисисига ўтирар экан, шахсий майлларини унутади…”, деган сўзлари диққатга сазовордир.
Айтиш мумкинки, “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китоби судьялар, суд ходимлари ва келгусида ушбу касбни эгаллаш ниятида бўлган ёшларнинг маънавий-аҳлоқий кодексига, дастуриламалига айланиши керак. Зеро, юксак маънавиятга эга бўлмаган инсондан чин маънодаги адолатни кутиб бўлмайди.