Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан маълум қилинишича, Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг январь-август ойлари давомида жами қиймати 485 миллион долларлик товарлар экспорт божхона режимига расмийлаштирилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 139 миллион долларга ёки 40,1 %га кўпдир.
Жами 58 та давлатларга амалга оширилган маҳсулотлар экспорти ҳажмининг 65 %га яқини вилоятнинг асосий ҳамкорлари Россия, Хитой, Қирғизистон ва Туркия каби давлатларга тўғри келган.
Экспорт қилинган товарларнинг 339 миллион доллари саноат маҳсулотлари, 146 миллион доллари эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келган.
Мева-сабзавот маҳсулотлари жами 27 та давлатларга экспорт қилинган бўлса, уларнинг ичида Россия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Украина давлатлари етакчилик қилмоқда.
Фарғона вилоятида ишлаб чиқарилган калава ип, тўқимачилик маҳсулотлари, керамика буюмлари, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва оёқ кийимлар каби товарларга хорижда талабнинг ортиши натижасида мос равишда ушбу товарларнинг экспорт ҳажми ҳам ўртача ҳисобда 43,5 % ўсганини кўришимиз мумкин.
Мамлакатимизда экспортни қўллаб-қувватланаётганлиги ва экспортёр корхоналарга берилаётган имтиёзлар вилоятда экспортёр тадбиркорлар сонини ўтган йилга нисбатан 52 нафарга кўпайишига олиб келди, десак муболаға бўлмайди. Бугун вилоятда жами 583 та экспортер корхоналар фаолият олиб бормоқда.
“Farg’onaazot” акциядорлик жамияти матбуот хизмати раҳбари Маннонхон Тилляходжаевнинг сўзларига кўра, корхонанинг экспорт салоҳияти йилдан-йилга ортиб бормоқда. Республикамиз саноат тармоғида алоҳида нуфуз ва салоҳиятга эга бўлган “Farg’onaazot” акциядорлик жамияти томонидан халқ хўжалиги учун жуда муҳим бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Сўнги йилларда корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари кўпайди, сифати яхшиланди, ички бозорни тўлдириш баробарида жаҳон бозорига чиқарилмоқда. Жумладан, корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларининг 11 тури 30 дан зиёд давлатларга экспорт қилинаётгани эътиборга молик.
Таъкидлаш жоизки, МДҲ, Европа давлатлари, Жанубий-шарқий Осиё мамлакатларига экспорт қилинаётган маҳсулотларимиз аллақачон ўз харидорларини топиб улгурди. Бунинг натижаси ўлароқ, бугунги кунга келиб корхона томонидан йилига ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 300-350 минг тоннаси экспорт қилиняпти. Бу, ўз навбатида, нафақат акционерлик жамияти, балки мамлакат иқтисодиёти ривожланишига муносиб ҳисса бўлмоқда, — дейди М. Тилляходжаев.
Мазкур материални тайёрлаш жараёнида Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи Элдор Турсункуловга учрашиб, унинг вилоятда экспортни янада ривожлантириш йўналишида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар борасидаги фикрлари билан қизиқдик.
Унинг сўзларига кўра, 2019 йилнинг 23 сентябрида ташкил топган Ўзбекистон экспортчилар уюшмасибугунги кунда мамлакатимиздаги 4000 дан ортиқ экспортёр корхоналарни уюшма аъзолигига қамраб олган. Уюшмага аъзолик экспортёр корхонанинг мурожаати асосида амалга оширилади. Мамлакатимиз экспортида қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг ўзига хос ўрни ва улуши мавжуд бўлиб, Фарғона вилояти жорий йилнинг шу даври ҳолатига қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича республикада биринчи ўринни эгаллаб турибди.
Биз ўз навбатида Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси фаол аъзоларидан бири “VGF Global export” экспортёр корхонаси раҳбари Авазбек Отақулов билан суҳбатлашдик.
«Биз Олтиариқ туманида фаолият олиб борамиз. Фаолиятни йўлга қўйишимиз натижасида 32 та доимий ва 40 та мавсумий иш ўринларини яратдик. Маҳсулотларни узоқ вақт сақлашга мўлжалланган, совутиш ускуналари билан жиҳозланган 1000 тонналик омборимиз бўлиб, ҳозир унга қўшимча 2000 тонна сиғимли яна битта омбор иншоотини қуряпмиз. Асосан Россия, Белоруссия ва Украинадаги бизнес шерикларимизга гилос, ўрик, шафтоли, узум, анор ва қуритилган меваларни экспорт қиламиз. Ўтган йили жами 3,5 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспортини амалга оширган бўлсак, жорий йилда ушбу кўрсаткични 7 млн АҚШ долларигача етказишга имкониятларимиз бор», — деди А. Отакулов суҳбат жараёнида.
Лекин мамлакатимиз экспортчилари фаолиятлари давомида ҳеч қандай муаммоларга дуч келмаяптилар, уларнинг иши “хамирдан қил суғургандай” силлиқ кетмоқда, дейиш ҳам унчалик тўғри бўлмайди. Биргина помидор экспортини олсак. Ўтган йили ва жорий йилда Россиянинг ветеринар ва фитосанитар назорат хизмати (Россельхознадзор) томонидан экспортчиларимизга ушбу давлатга помидор экспорт қилишга вақтинчаликчекловлар ўрнатилганлиги ва кейинчалик чекловлари олинганлиги тўғрисида хабарлар бергандик.
Бир қатор мутахассисларнинг фикрларига кўра, бу ерда гап фақатгина маҳсулот сифати билан боғлиқ бўлибгина қолмасдан, балки ушбу маҳсулотлар юборилаётган давлатларнинг қонунчилиги, улардаги тартиб-қоидаларни бироз назардан четда қолдирилаётганлиги билан ҳам боғлиқдир.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги қошидаги Департаментнинг Фарғона вилояти бўлими бошлиғи Суҳбатжон Ниёзов худди шу фикрни қўллаб-қувватлайди.
Кейинги йилларда дунё мамлакатлари, айниқса ривожланган мамлакатлар истеъмолчилари кимёвий ўғитлар қўлланган ҳолда етиштирилган маҳсулотлардан кўра, органик усулда етиштирилган маҳсулотлар истеъмолини афзал кўрмоқда. Бу эса, ўз навбатида, яқин келажакда мамлакатимиз экспортчилари олдига янги вазифаларни кўндаланг қилиб қўйиши мумкин.
Шу сабабли ҳам, Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси Фарғона вилоят бошқармасимутахассиси Асилбек Абдувосиевнинг фикрига кўра, экспортчиларимиз келгусида рақобат курашларида ютқазиб қўймаслик учун бугундан ушбу йўналишга тамал тошини қўйишни бошлашлари лозим.
Бугунги кунга келиб мамлакатимиз экспортчилари нафақат Европа бозорларига кириб боришни, балки океан орти мамлакатлари ички бозорларига муайян турдаги маҳсулотларни экспорт қилишни ҳам, маълум маънода, уддасидан чиқмоқдалар.
Буни Америкада истиқомат қилувчи ҳамюртимиз, илгари Самарқанд шаҳрида журналистлик фаолиятини олиб борган Дилбар Якубованинг шу кунларда Фейсбукдаги ўз саҳифасига қўйган постидан ҳам кўриш мумкин.
Албатта, океан орти мамлакати бўлган Америка Қўшма Штатларига маҳсулотларни экспорт қилиш осон иш эмас. Бу ерда нафақат тадбиркорнинг ҳоҳиш-иродаси ҳамда иштиёқи, балки маҳсулотларни минглаб километрлар масофага етказиб бориш билан боғлиқ бўлган ҳаражатлар, таваккалчиликлар ҳам борки, бу АҚШнинг савдо дўконлари расталарига мамлакатимиз экспортчиси маҳсулотини унинг айрим рақобатдошлариникидан кўра қимматроқ нархларда чиқишига, бунинг натижасида рақобатбардошлигини йўқотишига олиб келади.
Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Даниель Розенблюм Фарғона шаҳрида журналистлар билан учрашув доирасида саволларга жавоб бериш жараёнида худди шу фикрларни билдириб ўтганди.
Ўтган йили бутун дунё бўйлаб кузатилган COVID-19 пандемияси мамлакатлар иқтисодиётига ўзининг жиддий салбий таъсирини ўтказган, иқтисодиётнинг бутун-бутун соҳалари жиддий силкинишларга дуч келган бўлсада, мутахассислар билан ўтказилган суҳбатлар, расмий статистик маълумотлар ҳамда ўз кузатишларимиз асосида Фарғона вилоятида пандемия ва ундан кейинги вақтда экспорт соҳаси жиддий йўқотишларга дуч келмаганлигини, соҳа босқичма-босқич, барқарор ривожланиб бораётганлигини, бунинг замирида эса иқтисодиётни либераллаштириш борасида охирги беш йилликда амалга оширилган ислоҳотлар турганлигини таъкидлаб ўтиш ўринли бўлар эди.
Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилишича, Фарғона туманидан Европа бозорларига малина етказиб берила бошланган. Туманда фаолият юритаётган “Водил” фермер хўжалиги ва Польшанинг “Zinotrade” фирмаси ўртасида қиймати 500 минг евро бўлган шартнома имзоланиб, унга кўра фермер хўжалиги томонидан 200 тоннадан зиёд малина ушбу давлатга етказиб берилади. Шу кунларда ушбу маҳсулотнинг қиймати 53,4 минг евро бўлган 20 тонналик биринчи партияси жўнатилган.