Биз томонимиздан ўрганиш ўтказиш мақсадида танланган мавзу ички туризм билан боғлиқ бўлиб, мавзуни айнан Фарғона вилояти мисолида ёритиш кўзда тутилган. Хўш, Фарғона вилоятида ички туризмнинг бугунги аҳволи қай даражада? Соҳага ўтган йили бутун дунё бўйлаб кузатилган пандемиянинг таъсири қай даражада бўлди? Ички туризмни ривожлантириш борасида қандай ишларни амалга ошириш режалаштирилмоқда?
Ички туризм нима?
Ўзбекистон Республикасида “Туризм тўғрисида”ги 22 моддадан иборат бўлган илк қонун 1999 йил 20 август кунида қабул қилинган ва унинг 1-моддасида Қонуннинг мақсади туризм соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, туристик хизматлар бозорини ривожлантириш, шунингдек туристлар ва туристик фаолият субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатлиги кўрсатиб ўтилганди. 2019 йилнинг 18 июлида мамлакатимизда ЎРҚ-549-сонли “Туризм тўғрисида” янги қонун қабул қилиниши билан мазкур қонун ўз кучини йўқотди. Жами 45 моддани ўз ичига олган ушбу янги Қонуннинг мақсади туризм соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатлиги қонуннинг 1-моддасида белгилаб қўйилди.
Қонуннинг 5-моддасига кўра, халқаро ва ичкитуризм туризмнинг шаклларидир. Қонунга кўра, ички туризм Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги саёҳатини ўз ичига олади.
Туризм ташкил этилаётган турнинг ўзига хослиги, мавзуси, давомийлиги, ҳаракатланиш усуллари ва турнинг бошқа хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда маданий-тарихий, зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, ишбилармонлик, ижтимоий, спорт, тиббий, ёшлар туризми, агротуризм ҳамда туризмнинг бошқа турларига бўлиниши мумкин.
Умум эътироф этилган таърифлардан келиб чиқилса, “туризм” тушунчаси остига инсоннинг янги доимий яшаш манзилига кўчиб ўтиш ёки доимий ишга чиқиш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай ҳаракатини киритиш мумкин.
Шу ўринда Фарғона вилоятининг ҳалқаро ва ички туризм кўрсаткичларига эътибораларингизни қаратиб ўтсак. Масалан, «Фарғона ҳақиқати» газетаси вилоятимиздаги туристик соҳанинг 2020 йилдаги аҳволини қуйидагича таърифлаган эди:
“Фарғона туризм салоҳияти ривожланиб бормоқда. Ўтган йилда 740 минг нафарга яқин маҳаллий, 193 минг 200 нафардан ортиқ хорижлик сайёҳлар келди. Жорий йилда бу кўрсаткич сезиларли камайди. Шу кунга қадар 350 минг нафар маҳаллий, 70 минг нафарга яқин хорижликлар Фарғона бўйлаб саёҳатда бўлишган, холос. Рақамларнинг бу қадар номутаносиблиги пандемия билан боғлиқ. Аммо бу, қўл қовуштириб ўтириш учун асос бўлмаслиги керак. Шу боис янги йўналишлар ташкил этиш, сайёҳларга қулай транспорт-логистика, меҳмонхона, умумий овқатланиш сингари хизмат кўрсатиш тармоқлари фаолиятини йўлга қўйиш, тарихий қадамжолар, пурвиқор тоғлар, ҳунармандчилик марказлари, бой табиатли сўлим масканларда дам олишга таклиф этишда тарғибот ишларини кучайтириш муҳим”.
Фарғона вилоятида туризм соҳаси бўйича қанча инфратузилма объектлари мавжуд?
Туризм бошқармасининг маълумотларига кўра, 2021 йил 1 январь ҳолатига вилоятимизда 181 та жойлаштириш воситалари (меҳмонхоналар, хостеллар, меҳмон уйлари ва б.) фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда бир вақтнинг ўзида 3413 та туристларни қабул қилиш имконияти мавжуд.
Вилоятдаги 10 та хусусий даволаш муассасалари 462 нафар ҳамда 14 та санаторий ва соғломлаштириш объектлари 1874 нафар тиббиёт ва соғломлаштириш туризми билан боғлиқ туристларни қабул қила олиш имкониятига эгадир.
Вилоят бўйича 83 та туристик маршрутлар ташкилланган бўлиб, 44 та туроператорлар ва 9 та транспорт туристик фирмалари фаолият кўрсатмоқда. Лекин шу ўринда бир қизиқ ҳолатга эътибор қаратсак. Фарғона вилоятида 83 та туристик маршрут мавжуд бўлган ҳолда, 19 та расмий гид-экскурсовод фаолият кўрсатар экан. Бу камми ёки кўпми?
Эътиборли фактлардан яна бири 48 та WiFi нуқталари ташкилланганлигидир. Ўрганиш доирасида Шохимардон қишлоғи марказида, Марғилон темир йўл вокзалида ва бошқа бир қатор объектларда мазкур WiFi нуқталарининг фаолиятини текшириб кўрганимизда, уларнинг иш фаолиятида эканлиги кузатилди.
Бугунги кунда туризм соҳаси ташкилотларида 51 та туристик транспорт воситалари (автобуслар, микроавтобуслар ва б.) мавжуд бўлиб, улар асосан вилоятга хориждан ташриф буюраётган ёки ички туризмнинг туроператорлар томонидан республиканинг бошқа ҳудудлари ёки вилоят ичидаги туристларидан ташкилланган тартибли гуруҳлари шаклидаги туристларга хизмат кўрсатишни назарда тутади. Мустақил туристларчи?
Мустақил туризмга жиддий эътибор ҳар қандай туризмнинг ривожланишига кучли туртки беради
“Туризм тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида мустақил туризм деган тушунчага таъриф берилиб, у туристлар томонидан туроператорлар ва турагентлар иштирокисиз мустақил равишда ташкил этиладиган саёҳат сифатида қаралади. Туристларнинг тартибли гуруҳида алоҳида гид-экскурсовод бўлади, улар алоҳида транспортда юради, бир жойдан иккинчи жойга уюшган ҳолда ҳаракатланади ва шу сабабли уларда қайси архитектура ёдгорлиги, музей, диққатга сазовор жой, зиёрат туризми объекти қаерда жойлашганлиги, унга қандай бориш мумкинлигини сўраб-суриштириш юришга ҳожат йўқ. Мустақил туристларчи?
Бизнинг назаримизда савол шундай қўйилиши керак: шаҳарлар майли, лекин айтайлик Шохимардонга мустақил туристлар сифатида бир кунгинага келиб тушган оила вақтдан самарали ва унумли фойдаланиши, шу қисқа вақт ичида ҳудудда жойлашган туризм объектларини бориб кўришга улгуриши, турли хил ниятдаги фуқароларнинг алдовларига учраб қолмасликлари учун нима ишлар қилиниши керак? Айтишингиз мумкиндир, ахир унинг қўлида телефони бордир, интернети бордир, гугл картага кириб кўриб олаверадида, жуда бўлмаса, шундайми.
Лекин Шохимардонда, айтайлик, фақатгина битта компаниянинг алоқа хизматлари яхши бўлсаю, меҳмонни телефон оператори бошқа бўлиб, компанияси ушбу ҳудудда яхши хизмат кўрсата олмаётган бўлса, унда нима бўлади?
Бизнинг назаримизда ички туризмда мустақил туризмнинг улуши катталигини инобатга олган ҳолда, туристик инфратузилма биринчи навбатда ўшалар учун мослаштирилиши керак. Масалан, Фарғона шаҳрининг туристик картаси (айтайлик буклет шаклида) матбуот тарқатиш киоскларида сотилиши, бекатларда шу жойдан ўтувчи жамоат транспорти йўналишлари тўғрисидаги маълумотлар, йўналиш схемалари бўлиши, очиқ WiFi нуқталарининг мавжудлиги ва бошқалар шулар жумласидандир. Токи Фарғона шаҳрига хизмат сафари (ишбилармонлик туризми)га ёки йўл-йўлакай келган меҳмон бўш вақтида шаҳарни мустақил айланиб келиш имкониятига эга бўлсин. Бегона жойда мустақил ҳаракат қила олиш эса инсонга худдики Колумб каби очилмаган дунёни ўзи учун кашф қилиш билан тенг бўлса, не ажаб.
Шоҳимардонга саёҳат
Биз Ўзбекистоннинг эксклав ҳудуди, зиёрат ҳамда тиббиёт ва соғломлаштириш туризми марказларидан бири бўлган Фарғона тумани Шоҳимардон қишлоғига бир кунлик саёҳат уюштирдик.
Саёҳатимиз Фарғона шаҳрининг Марказий автошоҳбекатидан бошланди. Бу жойдан Шоҳимардонга қатновчи такси ҳайдовчиси билан йўл ҳақини бир кишига 25000 сўмдан келишгач, соат 7-00 да йўлга чиқдик. Борар манзилимизгача бўлган масофа 55 км ни ташкил қилади. Фарғона туман маркази Водил қишлоғидан чиқишда чегара пости жойлашган бўлиб, чегарадаги Водил постимиз ҳамда қирғизларнинг Кадамжай постидаги расмийлаштириш ишлари 30 минутча вақтимизни олди. Ҳар икки давлат чегара хизматчилари бизга хушмуомала муносабатда бўлишди. Бу ерда ҳар икки томон паспортингизга биттадан штамп босади. Асосий талаб қўлингизда хорижга чиқиш паспорти (халқ тилида “қизил паспорт”) ва коронавирусга текширилган тест натижаси ҳақида маълумотномани бўлишидир.
Шундан сўнг, Қирғизистондан чиқишдаги “Ак-кия” чегара постига қадар ортиқча қийинчиликларсиз етиб олдик. Қирғизистон ҳудудида эътиборли бўлишингиз керак бўлган жиҳат: ҳайдовчи ва олдинда кетаётган йўловчи хавфсизлик камарини таққан бўлишлари шарт. “Ак-кия”да паспортингизга яна битта штамп босилади, лекин Ўзбекистон томони штамп босмайди. Демак, Шоҳмардонга етиб келгунга қадар паспортга жами 3 та штамп босилади. Ушбу постлардан ўтиб олишга ҳам ярим соатча вақтимиз кетди, холос.
Шундай қилиб Шоҳимардонга етиб келганимизда соат миллари роппа роса 09-00 ни кўрсатиб турарди. Агар бизга нотаниш бўлган йўловчи шерикларимиздан бири йўл-йўлакай уйига кириб чиқиш, ўзига керакли нарсалар сотиб олиш учун йўл давомида бир-икки марта тўхталишлар қилишга мажбур қилмаганида балки манзилга бунданда тезроқ етиб келармидик.
Шоҳимардон қишлоғи марказида тушиб, шу ердаги кафелардан бирига овқатланиб олиш учун кирдик. Бу ерда асосан фаст-фуд таомлар ва кабоблар тайёрланар экан. Икки кишига иккитадан кабоб, нон ва чойи (лимонли) ҳамда хизмати учун жами 40000 сўм тўладик.
Қишлоқ марказидаги йўлнинг икки чети дўконлардан иборат кўчанинг ўнг қўл томонида турли аттракционлари бўлган истироҳат боғи жойлашган. Шу боғнинг сўл томонидаги тепаликда эса Ҳазрат Али Шоҳимардон зиёратгоҳи, Ҳазрати Шоҳутолиб мақбараси ҳамда ёзувчи, шоир ва драматург Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий мақбараси ҳамда унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган музей жойлашган. Тепаликка махсус зинадан чиқиб борасиз. Агар бу ерга автомобилда чиқмоқчи бўлсангиз Шоҳимардон-Ёрдон йўлидан кетаверишда музейнинг тепа томонидан кириб келадиган йўл бор.
Зиёратгоҳга қараб туришга масъул шахслар Ҳазрат Али (Каррамалаҳу важҳаҳу)нинг мақбараси эшикларини бажонидил очиб берадилар. Қуръон тиловат қилиб ёки уни тинглаб, руҳан енгил тортишингиз, кўнгилдан чиқарган эҳсонингизни шу ердаги махсус қутиларда қолдиришингиз мумкин.
Бу ерга келсангиз, айтишларича Ҳазрат Али (Каррамалаҳу важҳаҳу)нинг авлодларидан бўлган Ҳазрати Шоҳутолиб Сайид Мухаммад Али Ҳужжатиллоҳнинг мақбарасини ҳам зиёрат қилиш имкониятига эга бўласиз.
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий музейига кириш чиптаси 5000 сўм. Бу ерда нафақат Ҳамза Ҳакимзода ҳаёти ва ижоди, балки Шоҳмардон тарихи билан боғлиқ экспонатлар ҳам борлигини унутманг.
Биз режага кўра, Кўлиқурбонга чиқиб-келиш учун қишлоқ марказидан автомашинага ўтирдик. Ҳайдовчи кўлга бориш йўлидаги ўзбек-қирғиз чегара постига қадар икки киши учун 10000 сўм пул олди. Бизни у ерда қолдирар экан, телефонини бериб, кўлдан қайтганимиздан сўнг уни пост олдига телфон қилиб чақиришимиз мумкинлигини ҳам қўшимча қилди. Лекин биз шу ерда бир нарсага эътиборсизлик қилибмиз. У жойлар атрофида фақатгина Узмобайл компаниясининг алоқа хизматларидан фойдалана оларкансиз. Бизни телефон операторимиз бошқа компания бўлганлиги сабабли, кўлдан қайтганимиздан сўнг автомашина чақириш учун телефон қила олмасдан маълум масофагача пиёда келишимизга тўғри келди.
Хўп, ўзбек чегара пости ва қирғиз чегара пости ўртасида 600-700 метрлик пиёда босиб ўтиладиган ҳудуд бор экан. Қирғиз чегара постидан ўтишимиз билан канатга чиқдик. Эътиборлиси, бу ердаги икки давлат постларида паспортга штамп қўйилмасдан ўтказилишидир, фақатгина Сизнинг бир томонга ўтганингиз ва қайтганингиз компьютерга қайд қилиб қўйилмоқда, холос.
Бу ерда Қурбон кўл бўйига қадар етиб бориш ва у ердан қайтиш учун бир кишидан 30000 сўмдан ҳақ олиняпти. Канатда манзилга етиб бориш 10 минутлар вақтингизни олади.
Қурбон кўлда биринчи кўлдан иккинчи кўл томонга икки усул билан ўтиб олишингиз мумкин. Пиёда: кўлни атрофидан 700-800 метрлар юриб, тоғ четидаги сўқмоқдан айланиб ўтасиз. Моторли қайиқда: 3 та қайиқ битта қилиб бирлаштирилган ва бир ўтишда 20 ва ундан ортиқроқ одамни олиб ўтадиган моторли қайиқда ўтиш учун 20000 сўм сўрашади. Лекин савдолашиш мумкин, биз 15000 сўмдан келишдик.
Иккинчи кўлга пиёда 500-600 метрлар пиёда юриб борасиз. У ерда катамаранда сайр қилиш имконияти бор. Битта катамаранни 15 минутга 15000 сўмга олиш мумкин (савдолашишмайди). Бу ерда яна икки-уч сўрили мўъжазгина таом тайёрлаш учун жой бор экан. Бундан ташқари кўл бўйига палас солиб ҳам жой қилиб беришлари мумкин. Фақатгина ўтинни ё териб келиш ёки ўзингиз билан олиб келиш керак бўлар экан.
Шундай қилиб, кўлдан қайтгач Шоҳимардон марказидан бу ерга хос ширинликлар ва майда-чуйда сотиб олиб, Фарғонага қайтдик.
Агар Сиз Шоҳимардонда тунаб қолмоқчи ёки бир неча кун қолмоқчи бўлсангиз, хонадонлардан, шунингдек сой бўйларида қатор жойлашган хусусий дачалардан бир кишига бир кунга 25000-30000 сўм эвазига жой олишингиз мумкин. Бундан ташқари, Ёрдон томонга чиқилганда туристик компанияга қарашли бўлган дам олиш оромгоҳи ҳам бўлиб, бу ерда бир кеча қолиш хонасига қараб 45000 сўмдан 100000 сўмгача туради..
Нима? Қаерда? Қанча?
Фарғона вилояти ҳудудидаги айрим дам олиш масканларида сарфланадиган асосий ҳаражатлар билан танишинг. Ҳаражатлар (йўл кира, жой банд қилиш) nuqtainazar.uz томонидан одамлардан сўров асосида 4 кишилик дам олувчилар гуруҳининг ҳар бирига тўғри келадиган мидорида, сўмда олинди. Солиштирма таҳлил Саткак, Еттибулоқ ва Шоҳимардон дам олиш масканлари мисолида олинган (инфографикага қаранг). Бу ерда фақатгина пиёда келиб-кетувчилар учун йўл кира ва сўриларда жойлашиш учун ҳисобга олинган.
Саткак азалдан Фарғона вилоятидаги меҳмонлар энг кўп ташриф буюрадиган жойлардан бири ҳисобланади. Бу ер учун асосий мавсум ёз ойларидир.
Одатда бу ерга асосан атроф ҳудудларнинг аҳолиси ташриф буюради. Уларнинг танловига бу ернинг табиати ва хизмат нархларининг нисбатан арзонлиги ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди, албатта.
Панмедия. Оқибатлар ва жиддий муаммолар...
Коронавирус пандемияси энг кучли салбий таъсир кўрсатган соҳалардан бири, айнан туризм соҳасидир. “Ёдгорлик” фабрикаси пандемиягача бўлган вақтларда ҳар йили минглаб хорижлик туристларни жалб қиларди. Бу ерга дунёнинг кўплаб мамлакатларидан хон-атлас, беқасам, қўлда тўқилган гиламларни тайёрланиши сир-асрорларига қизиққан одамлар келиб кетарди… Бироқ пандемия ҳаммасини ўзгартириб юборди. Фабрика директори Азамхон Абдуллаевнинг бу борадаги фикрлари билан танишамиз.
«Ёдгорлик» МЧЖ бош директори Аъзамхон Абдуллаев:
“Ёдгорлик” 1982 йилнинг 1 январида фабрика сифатида ташкил этилган. Мен ўша пайтдан буён бу ерда ишлайман. Биз ўтган йиллар давомида усталаримиз билан бу ерда ўзбекнинг ипак мато тўқиш ҳунарини сақлаб, ривожлантириб келмоқдамиз. Шу давр ичида “Ёдгорлик”нинг бугунги кунда ҳеч ким билан адаштирилмайдиган ўзига хос мактабини яратдик. Мустақилликнинг илк йилларидан “Ёдгорлик” ўзбек ипак матоларининг брендига айланди. Шу йиллар давомида бир неча хорижий ва республика кўргазмларида иштирок этиб, ўзбек ипак матоларини муносиб равишда намойиш қилиб келдик. Шунинг билан биргаликда “Ёдгорлик” босқичма-босқич Фарғона водийсининг туристик марказларидан бирига айланиб борди. Фабрикани Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган кўплаб мамлакатларнинг элчи ва консуллари келиб кўриб кетмоқда. Жаҳон банки, Британия кенгаши билан ҳамкорликда ҳунарманддчиликни ривожлантириш бўйича кўплаб лойиҳалар ҳам амалга оширилди. Бу эса нафақат ипак тўқишни, балки маҳсулотларимизни мода намойишларини ривожлантиришга ҳам хизмат қилди. Бугунги кунда ўзбек адраси бутун дунёга маълум ва машҳур. Мен ҳеч нарсага қарамасдан оталаримиз – усталарнинг анъаналарига содиқ қолдим. Бирор сантиметр ер сотмадим. Янги-янги ишлаб чиқариш турларини ташкил қилдим. Фабрикани туризмнинг марказига айлантирдим. Шаҳримизни кўплаб мамлакатлар муносиб тарзда кўрсата олдик. Халқаро туризм каталогига киришга муваффақ бўлдик. 20 йилдан ортиқроқ табиий газсиз фаолият кўрсатаётган бўлсакда, ҳокимият олдига бу борада муаммо қўймасдан, ҳар доим мазкур муаммодан чиқиш йўлларини топиб келаяпмиз. Бундан ташқари Риштон туманида жун ва ипак чиқиндиларидан мато тўқиш фаолиятини йўлга қўйиб, 50 та янги ишчи ўринлари яратдик. Лекин Covid-19 …! Пандемияга қадар биз банкларнинг яхши мижози эдик. Иккинчи йилдирки халқаро туризм чуқур инқирозда. Бу эса, ўз навбатида туризмдан даромад кўрувчи бизнинг корхонамиз даромадларимиз ҳам қаттиқ таъсирини ўтказди. Охирги пайтларда биз ўшчи ўринлари ва ишчиларимизни сақлаб қолиш йўлида кўп саъй-ҳаракатлар қилаяпмиз. Ҳозир биз учун бироз мураккаб давр. Омборларда товарлар тўпланиб қолди. Банк кредитининг фоизлари тўпланиб бормоқда. Банклар билан келишиш қийин, уларнинг ҳам ўз қонунлари бор ва улар Covidдан чиқдик деб ҳисоблаяптилар. Ҳокимиятга мурожаат қилсам, хатимизни қайтариб банкка жўнатибдилар. Мен фабрикани сотишим, ёки ҳозир мода бўлганидек, уйимда бу ишларни ташкил қилишим ҳам мумкин эди. Аммо бу ҳолда ноёб усталари бўлган ноёб корхонани йўқотиб қўямиз. Бу ипакчилик соҳасининг тарихидир. Бу шаҳарнинг тарихидир. Бу ўзбек текстилининг тарихидир. Бу ердаги ҳар бир ғишт ўзбек адраси, атласи ҳақида сўйлайди. Мен бу қийинчиликлар ўтиб кетишига аминман. Бизнинг руҳимиз баланд. Давоми бор…”
Мутахассисдан интервью
Марғилонлик ҳунарманд Расулжон Мирзааҳмедов хорижлик сайёҳларни Ўзбекистонга осон жалб қилишнинг йўл-йўриқлари борасида ўз фикрларини билдирди. Унинг фикрича, электрон тижоратнинг имкониятлари бизга бу борада кенг имкониятлар эшигини очиб беради.
Хулоса ва таклифлар ⇒
Салбий жиҳатлар
Дунё учун ҳали нотаниш бўлган ва тўлиқ давоси топилмаган касаллик Ҳукуматларни кескин карантин чораларини қўллашга мажбур қилди. Оқибатда одамларнинг нафақат бир жойдан иккинчи жойга саёҳати, балки уйидан савдо дўконига чиқиб келиши ҳам қатъий назорат остига олинди.
Одамларда нафақат жамоатчилик орасида бўлиш, балки ўз оиласида бўлиш вақтида оила аъзоларининг бир-биридан хавфсираши даражасигача бориб етилди.
Умумий овқатланиш, дам олиш ва кўнгилочар жойлар, жамоат транспорти ва бошқа бир қатор соҳалар фаолияти чекланди. Булар эса туризмнинг қон томирлари эди.
Айрим ҳудудлар одамлар кириш ва чиқиши учун беркитилиб, аҳоли бир шаҳар, бир қишлоқ, ва ҳаттоки бир оила доирасидаги қуршовда ҳафталаб қолиб кетиши ҳолатлари кузатилди.
2020 йилнинг баҳор-ёз ойлари шу тариқа ўтди. Лекин куз ойларига келиб вазият бироз юмшаган бўлсада, одамлардаги ноаниқ касаллик қаршисидаги қўрқув тўлиқ ўтиб кетмаган эди…
Дам очилиб, дам ёпилаётган чегаралар, асосли гаплар ва асоссиз миш-мишлар одамларни бир жойдан иккинчи жойга ҳаракатланишда иккиланишига сабабчи бўлди.
Илгарилари оддий ҳолат деб қараладиган ва одамлар унчалик ҳам эътибор қаратмайдиган оддийгина томоқ шамоллаши ортидан келиб чиққан йўтал, организмнинг қандайдир ички касаллик билан курашиш жараёнида пайдо бўлган иситма, кондиционер остида узоқроқ ўтириб қолиши натижасида келиб чиққан бурун оқиши, илгарилари “Саломат бўлинг”, деб қарши олинадиган аксириш, асли камқон бўлган аёлнинг боши айланиши, беморнинг дорихонадан шамоллашга қарши қандайдир дори воситасини сотиб олиши, қўйингки “иссиқ жон”даги ҳар қандай ўзгариш одамнинг ўзи ва унинг атрофидагилар томонидан коронавирусга гумонланиб, ваҳималарга сабаб бўлди.
Дунё ҳамжамияти жиддий синовдан ўтиб борди ва бормоқда.
Қўйингки, 2020 йилда бутун дунё бўйлаб кузатилган коронавирус пандемияси иқтисодиётнинг барча соҳаларига, хусусан туризм соҳасига ўзининг жиддий салбий таъсирини кўрсатди. Нафақат халқаро туризм, ҳаттоки ички туризм жиддий синовлар қуршовида қолди. Буни биргина маҳаллий туристларнинг Фарғона вилоятига ташрифи кескин камайганлиги мисолида кўриш мумкин.
Ижобий ўзгаришлар
Танганинг икки томони бўлганидек, пандемия ҳам жамият ҳаётида айрим ижобий ва шундоқ ҳам қилиниши лозим бўлган ўзгаришлар томон юз буришни шарт қилиб қўйди.
Одамларда тиббий маданият бироз бўлсада шаклланди. Санитария-гигиенанинг нақадар муҳим эканлигини кўпчилик тушуниб етди.
Одамлар ортиқча дабдабозлик, асоссиз сарф-ҳаражатларга ўралашиб қолганликларини, исрофгарчиликларга йўл қўяётганликларини англай бошладилар. Буни иссиқ ва совуқ маросимлар мисолида кўриш мумкин.
Бир пайтлар отдан тушса ҳам эгардан тушмаган айрим соҳа вакиллари, уйда бекорчи қолган пайтларида, дўппини бошдан олиб қўйиб, одамларнинг уларсиз ҳам тирикчиликлари ўтаётганлигини четдан туриб кузатишга ва ўзлари учун хулосалар қилишга имконият яратилди.
Давлат идоралари, хусусий сектор ва нодавлат сектори вакиллари рақамли технологияларнинг ўрни ва аҳамиятини англаб етдилар, оқибатда соҳаларни рақамлаштириш ишлари кескин жадаллашди. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
Туризмни қайта жонлантириш учун нима қилмоқ керак?
Туризм соҳаси билан боғлиқ бўлган объектларда соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари кўмагида доимий профилактика ишларини олиб бориш.
Аҳолини касалликка қарши эмлаш ишларини тезлаштириш ва бу борада турли “айёрона” (яхши маънода) усуллардан фойдаланиш. Ҳозир Ҳукуматимиз томонидан олий ўқув юртлари талабаларига қўлланилган усул бунга мисол бўла олади. Бунда агар талаба ихтиёрий эмланса унга контракт бўйича тўловда 10 % миқдорида чегирма берилиши кўзда тутилмоқда.
Умуман туризмни ривожлантириш зарур бўлган оддий инфраструктура объектлари: очиқ WiFi ҳудудлари ташкиллаш ишларини давом эттириш, ҳожатхоналар қуриш ва ишга тушириш, скамейкалар қўйиш, ҳар бир ҳудудга хос рамзларни лойиҳалаштириш ва барпо этиш, камида икки тилда ёзилган йўл кўрсаткичларини ўрнатиш ишларини давом эттириш, шаҳар ва ҳудудларнинг сайёҳлик карталарини буклет кўринишида чоп этилиб, матбуот тарқатиш киоскаларида сотилишини йўлга қўйиш ва ҳоказо.
Айрим мисолларга тўхталиб ўтсак. Вилоятимиздаги Шоҳимардон дам олиш масканида машҳур Ҳазрат Али Шоҳимардон зиёратгоҳи, Водил қишлоғида минг йиллик чинор каби тайёр рамзлар тургани ҳолда, бу ерларга ташриф буюрувчиларга сотиш (ёки ҳадя қилиш) мақсадида уларни акс эттирган турли кўкрак нишонлари, статуеткалар, сувенирлар йўқ. Бу ҳолат вилоятнинг бошқа ҳудудларида жойлашган тарихий ёдгорликлар ва туризм объектларига ҳам хос.
Қўқон шаҳрида Худоёрхон саройига ташриф буюрувчи туристлар учун шу саройни кичрайтирилган макети асосида тайёрланган сувенирлар бўлмагани ҳолда, сарой ҳудудида ўша давр муҳитини яратиш бўйича ишлар ҳаминқадар. Биргина мисол, ташриф буюрувчиларга хон, маликалар, офтобачи, мингбоши, қози, мирза, оддий аскар ва бошқаларнинг рамзий тайёрланган кийимларини кийиб суратга тушиш имкониятини яратилиши мумкин эди.
Одамларнинг турист деганда чўнтагида жарақ-жарақ пули бор хорижлик “соғин сигир”ни кўз олдига келтиришларини, инфраструктурани эса йўлбошчилари ҳамроҳлигида автобусдан тушмасдан ҳаракатланиб бораётган тартибли туристлар гуруҳини тасаввур қилишларидан воз кечиб, асосий саъй-ҳаракатларни мустақил туристлар ва улар учун қулайликлар яратишга йўналтириш.