Гугурт ва шу каби товарлар қайтимда танга пулларнинг “ўрнини босмоқчи”…ми?

Маълумки, бугунги кунда товар (иш, хизмат)лар ҳақини тўлашда нақд пулсиз кўринишдаги тўловларнинг шакллари ва уларнинг умумий тўловлардаги улуши кундан-кунга ортиб бормоқда. Лекин мамлакатимизда нақд пулли асосдаги ҳисоб-китоблар ҳали-ҳануз долзарблигини йўқотгани йўқ. Хўп, шундай экан, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида олди-сотди амалга оширилгач (хизматлар кўрсатилгач) қайтим қайтариш учун майда пуллар етарлими? Етарли бўлса, нега жойларда қайтимни пул (танга) билан эмас, балки турли товарлар (сақич, конфет, гугурт, қурут, таблетка) билан ҳисоб-китоб қилиш ҳоллари учраб қолмоқда? Бу ҳолат жойларда урфга кириб қолгандек таассурот ҳам уйғотмоқда.

Яширишнинг кераги йўқ, бугун савдо дўконларида олди-сотди амалга оширилгандан сўнг сотувчи кўзини лўқ қилиб, қайтимни ўрнига қўлингизга турли товарларни тиқиштиришдан тап тортмай қолди. Транспортда, асосан таксиларда манзилингизга етиб келгач, қайтим йўқлиги важи билан ё ҳайдовчи ёки йўловчи муайян суммадаги майда пулдан воз кечишига тўғри келмоқда. Товарлар ва хизматларга нарх белгилашда уларни қайтим қайтаришга осонроқ бўладиган қилиб яхлитлаш ҳолатлари оддий ҳол бўлиб қолди.

Гугурт — лидер

Шу нуқтаи назардан, аҳоли ўртасида сўровнома ўтказиб, савдо дўконларида қайтим учун энг кўп қандай товар берилаётганлиги билан қизиқдик. Бунинг учун қуйидаги савол ва унинг 4 та жавоб варианти бўлган саволнома ижтимоий тармоқдаги саҳифалар (nuqtai_nazar_official ва rishtontumanimurojaat телеграм каналлари)га қўйилди:

Савдо дўконларида қайтим ўрнига энг кўп олган товарингиз қайси?

А) Сақич (жвачка);

Б) Конфет;

В) Гугурт;

С) Қурут

Ўтказилган сўровномада, 28.06.2021 йил ҳолатига (nuqtai_nazar_official, rishtontumanimurojaat)1264 та респондент иштирок этди. Натижа эса қуйидагича бўлди:

Респондентларнинг 40 фоизи гугурт вариантига овоз берган бўлса, уларнинг 36 фоизи сақич (жвачка), 20 фоизи қурут, 4 фоизи конфет вариантларига овоз берганлар. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, гугурт сақич (жвачка)ни 4 фоизга ортда қолдириб, қайтим қайтариш жараёнларида лидерлигини кўрсатиб қўйди. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, савдо-сотиқ жараёнларида олди-сотди амалга оширилгач, ҳар бешта одамнинг 2 тасига пул (танга)даги қайтим ўрнига гугурт ёки сақич берилмоқда.

Мулоҳаза учун:

Тасаввур қиламиз. Гугуртни чакана савдодан қутисини 200 сўмдан оласиз дейлик. Қайтим ўрнига берилганда, Сизга уни кўпинча камида 250 сўмдан ўтказадилар. Агар Фарғона шаҳридаги савдо дўконларида бир кунда 10000 та олди-сотди операцияси амалга оширилди ва шуларнинг 40 фоизига қайтим 2 қутидан гугурт билан ҳисоб-китоб қилинди, десак, бу ҳолат аҳоли 2 000 000 сўм (8000 х 250 сўм)лик қўшимча товар сотиб олишга мажбур бўлаётганлигини кўрсатади. Бу биргина гугурт мисолидаги ҳисоб-китоб. Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасида эса, сотувчи истеъмолчини қўшимча товарлар сотиб олишга қисташ (мажбурлаш)га ҳақли эмаслиги кўрсатиб қўйилган.

Агар юқоридаги товарларни олмасдан, қайтимдан воз кечиб кетсангиз, юқорида номи зикр этилган қонуннинг ўша 21-моддасига кўра, бу хизмат кўрсатувчи (сотувчи) томонидан кўрсатилмаган хизмат (сотилмаган маҳсулот) учун ҳақ олиши сифатида баҳоланади.

Харидорлар нима дейди?

Шунинг билан биргаликда, майда (танга) пуллар билан боғлиқ мавжуд муаммоларни аниқлаш мақсадида аҳоли ўртасида 1 та савол ва унинг 3 та жавоб варианти бўлган сўровнома ҳам ўтказилди. Фарғона шаҳри кўчаларида аҳоли билан юзма-юз видеосўровнома ҳам ўтказилди.

28 июль ҳолатига ҳудудий бирлашманинг туман ва шаҳар жамиятлари кўмагида 330 та, ҳамкорларнинг ижтимоий тармоқдаги каналлари (nuqtai_nazar_official, rishtontumanimurojaat телеграм каналлари)дан эса мос равишда 1736 та ва 320 та, жами бўлиб 2386 та респондентларнинг жавоблари қабул қилиб олинди. Аҳоли вакилларига берилган савол ва унинг жавоблари қуйидаги кўринишни олди:

 

Кўриб турганингиздек, респондентларнинг 10 %игина нақд пулда олди-сотди амалга оширилгандан ёки хизматлардан фойдаланилгандан сўнг, қайтимни ҳеч қандай муаммоларсиз олаётганликларини қайд қилмоқдалар. Қолган респондентлар эса қайтимни турли товарлар (сақич, конфет, гугурт, қурут) воситасидагина олиш мумкинлигини ёки воз кечиб кетишга ҳам тўғри келаётганлигини маълум қилмоқда.

Мутахассис изохи

Ушбу ҳолатга амалдаги қонун ва тартиб-қоидалар асосида баҳо бериши учун Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси Мониторинг сектори бошлиғи Отабек Миллабоевга мурожаат қилганимизда, у бизга қуйидагиларни маълум қилди:

“Ўзбекистон Республикасининг амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 8-моддасига кўра, томонлар ўртасида шартнома нарсаси, миқдор, нарх ва бошқа муҳим шартлар тўғрисида келишувга эришилса, истеъмолчи билан ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ўртасида шартнома тузилган ҳисобланади. Айтайлик, истеъмолчи савдо дўконидан бир килограмм шакар ва бир килограмм гуруч олиб, сотувчининг қўлига 21000 сўм пул тутқазди. Шакарнинг килоси 8500 сўм, гуруч эса 12000 сўм эди, дейлик. Демак, бу ерда истеъмолчи ва сотувчи ўртасида тузилган оғзаки шартномага кўра, истеъмолчи дўкондан шакар ва гуруч танлаб, ушбу товарлар учун 20500 сўм тўлашни ўз зиммасига олди, сотувчи эса ушбу товарларни унга ҳақиқатан ҳам 20500 сўмга сотишга розилигини билдириб, истеъмолчининг қўлидан пулни олди ва ўртадаги фарқ 500 сўмни қайтим сифатида қайтариш масъулиятини ҳам ўз бўйнига олди. Шартнома шу шартлар билан тузилди. Агар сотувчи шартнома тузилгунга қадар йўқ биз пулда қайтим беролмаймиз, 500 сўмингизга бирор нарса оласизда, деганида балки истеъмолчи ушбу дўкондан товарларни олмасдан чиқиб кетиши ҳам мумкин эди. Энди қайтим ўрнига бирорта товар берилишига тўхталсак. Қонуннинг 21-моддасига кўра, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас. Қайтим ўрнига турли товарлар (савдо дўконларида сақич, конфет, гугурт, қурут, дорихоналарда таблетка) берилиши эса айнан истеъмолчини қўшимча товарлар сотиб олишга қисташ сифатида баҳоланади. Ана энди истеъмолчи қайтимни бу кўринишда олишни рад этсаю, дўконда қайтимга берилиши учун майда умуман бўлмаса, истеъмолчи қайтимдан воз кечишга мажбур бўлса, мазкур ҳолат худди шу моддага кўра кўрсатилмаган хизмат (сотилмаган маҳсулот) учун ҳақ олиш сифатида қаралади”.

Сотувчиларда нима гаплар?

Шу ерда мутахассис билан суҳбатимиздан тўхтаб, эътиборимизни савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ходимлари иштирокида ўтказилган сўровнома натижаларига қаратсак. Мазкур сўровномада ҳақиқатан ҳам шу соҳада фаолият олиб бораётган шахсларнинг иштирокини таъминлаш мақсадида ҳудудий бирлашма тизимидаги туман ва шаҳар жамиятларининг амалий кўмагига таянилди. Уларнинг кўмагида вилоятимиздаги 2 та шаҳар ва 10 туманда ушбу соҳада фаолият олиб бораётган 120 нафар хўжалик юритувчи субъектлар масъул вакилларининг жавоблари олинди. Фарғона шаҳри кўчаларида аҳоли билан юзма-юз видеосўровнома ҳам ўтказилди.  

Натижалар қуйидаги кўринишни олди:

Сўровнома натижаларидан кўриниб турибдики, майда пуллар етишмаётганлиги ҳолатини унда иштирок этганларнинг 60 %и эътироф этган. Жами иштирокчиларнинг 46 %и ушбу муаммо билан кундалик фаолиятида дуч келиб турган бўлсада, бу масалада ўзига хизмат кўрсатувчи тижорат банкига мурожаат қилмаганлигини маълум қилган. Марказий банк вилоят бош бошқармаси ва тижорат банки масъул ходимлари билан суҳбатлашганимизда, банкларда майда  пуллар етарли ҳажмларда мавжудлигини, лекин аҳоли билан нақд пулли ҳисоб-китобларни олиб борувчи хўжалик юритувчи субъектлар вакиллари бу борада ўзларига хизмат кўрсатувчи тижорат банкларига мурожаат қилмаётганликларини таъкидлаб ўтгандилар. Шу ерда нега улар банкка мурожаат қилмасдан туриб, мазкур масалани муаммо сифатида белгилаяптилар, деган савол туғилиши табиий. Балки бунинг замирида қандайдир манфаат бордир. Айтмоқчиманки, балки улар банкка мурожаат қилиб, ўз ҳисоб-китоб кассаларига майда пулларни таъминлаб қўйсалар, сақич, конфет, гугурт, қурут каби товарларнинг савдоси касод бўлар? Яна ким билади, дейсиз.

14 % сўровнома иштирокчиларининг банкка мурожаат қилсакда, улар бизни майда пуллар билан таъминламаяптилар, деган фикрлари ҳам бироз баҳсли ҳолат, деб ҳисоблайман. Мазкур материални тайёрлаш жараёнида битта акамизнинг қўлига 1000 сўмлик банкнота пул бериб, шуни банкдан битта 500 сўмлик, 1 та 200 сўмлик, 2 та 100 сўмлик ва 2 та 50 сўмлик тангага алмаштириб чиқинг, дедим. Тўғриси, акамизнинг банкдан қайтиб чиқиб, бўлмади дейишига ёки 50 сўмлик йўқ экан, ўрнига битта 100 сўмлик танга беришди, дейишига ўзимни руҳан тайёрлаб ҳам тургандим. Йўқ, акамиз бир пасда қўлида буюртмадаги миқдордаги тангаларни кўтариб чиқди.

Сўровнома иштирокчиларининг 40 %и бу борада муаммо йўқлигини қайд қилганликлари қувонарли ҳолат бўлсада, нега унда аҳоли вакилларида ушбу масалада шикоятлар кўп деган савол ҳам вужудга келади. Юқорида кўрганингиздек, сўрономада қатнашган аҳоли вакилларининг 90 %и қайтимга ё турли товарлар олаётганликларини ёки ҳаттоки қайтимдан воз кечишга ҳам тўғри келаётганлигини таъкидлаб турибдику.

Шу ўринда, бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Бутун дунёда, хусусан ривожланган мамлакатларда “Истеъмолчи (мижоз) – доим ҳақ” деган қараш шаклланган бўлиб, сотувчи ва хизмат кўрсатувчилар истеъмолчининг ҳоҳиш-истаклари, улар кўпроқ нималарни маъқул кўришларига қараб иш тутадилар. Товарларни раста остидан яшириб сотиш, сунъий танқисликларни вужудга келтириш, бир товарни сотиб олиш учун кимларгадир телефон қилиб, уларни ишга солиш каби салбий иллатлар ва ҳоҳласанг шу, ҳоҳламасанг катта кўча, деган қарашлар замонаси эса аллақачонлар ўтиб кетган.

Банк тизими мутахассисларини тинглаймиз

Аҳоли ҳамда шу соҳада фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида сўровномалар ўтказиш баробарида банк тизимида меҳнат фаолиятини олиб бораётган мутахассисларга ҳам рўпара бўлдик. Улардан бугунги кунда аҳоли билан нақд пулли ҳисоб-китоблар олиб борувчи хўжалик юритувчи субъектларни қайтим учун майда пуллар билан таъминлаш тартиблари, муомалада майда пуллар етишмовчилиги, савдо-сотиқ ва хизматлар кўрсатиш амалиётлари ўтказилгач, истеъмолчига 50 сўмдан 1000 сўмгача бўлган майда пулни қайтариш борасида юзага келаётган шикоятларни келиб чиқиш сабаблари хусусида фикрлар алмашдик.

Марказий банк вилоят бош бошқармаси шўъба мудири Олимжон Эргашев билан суҳбатимиз тижорат банклари томонидан ўз мижозлари бўлган хўжалик юритувчи субъектларни майда пул билан таъминлаш тартиблари хусусида бўлди.

“2018 йилда мамлакатимизда 50, 100, 200 ва 500 сўмлик танга пуллар муомалага чиқарилган бўлиб, бугунги кунда вилоятимиздаги тижорат банкларида ҳамда ҳисоб-китоб касса марказларида уларнинг захираси етарли даражада, дейди О.Эргашев биз билан суҳбатда. — Аҳоли билан нақд пулли ҳисоб-китоблар асосида фаолият юритувчи хўжалик юритувчи субъектлар майда пулларни олиш учун ўзига хизмат кўрсатувчи тижорат банкига мурожаат қилишлари керак. Ушбу жараёнда ҳеч қанақа муаммо йўқ. Биз ҳисоб-китоб марказларига майда (танга) пулларни етарли миқдорда етказиб берамиз. Лекин мижозлар томонидан ушбу масаладаги буюртмалари билан мурожаатлар қилинмаяпти. Шу сабабдан танга пуллар муомалага кам чиқиб, бу турли тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда”.

“Мижозларимизда нақд пулга талаб бўлганда, банкдан чек орқали муйян суммани буюртма бериб олишади. Ушбу жараёнда мижоз миллий валютадаги мазкур суммадаги пулни ҳоҳлаган номиналдаги банкнота ёки танга пул кўринишида олиш ҳуқуқига ҳам, имкониятига ҳам эга — дейди АТБ Капиталбанк Фарғона филиали бош ҳисобчиси Улуғбек Шакиров. – Майда (танга) пулларга келсак, бугунги кунда банкимизда уларнинг етарли захираси мавжуд. Банкимизда танга пулларни бериш ёки алмаштириш бўйича ҳеч қандай муаммо мавжуд эмас. Агар мабодо мижозга танга пуллар ёки бошқа номиналдаги банкноталар катта миқдорда зарур бўлса ва банкимизда бунга етарли миқдордаги пуллар бўлмаса, биз Марказий банкка бу борада мурожаат қилиб, муаммони тезда ечимини топа оламиз”.

Унда нега жойларда бу борада муаммолар кузатилаяпти, деган саволимизга банк мутахассиси хўжалик юритувчи субъектлар банкка мурожаат қилишлари кераклиги, истеъмолчилар эса қайтимни талаб қилишлари кераклиги хусусида фикрларини ҳам билдириб ўтди.

Узуқ-юлуқ фикрлар

Демак, юқоридагилардан кўриниб турибдики, муаммонинг асл илдизи сотувчи ва хизмат кўрсатувчиларга, уларнинг ўзларига хизмат кўрсатувчи банк муассасаларидан майда пулларни талаб қилиб олмаётганликларига, шунингдек истеъмолчиларнинг ҳам ўз ҳақларини талаб қилиб олмаётганликларига бориб тақалмоқда.

Энди айтишингиз мумкин. Ахир сотувчи бу ҳолатда қайтимга муайян миқдордаги (балки Сизнинг назарингизда арзимас бўлган) майда пулни бермаганлиги билан, ўша пул миқдорига тенг кучли бўлган, хўжаликда асқотадиган бирор товар беряптику. Шундайми? Лекин бу ерда ўқувчининг эътиборини жалб қилмоқчи бўлганимиз битта ҳолат бор. Бу ерда асосий эьтибор берадиган нарса сотувчилар кайтимга майда пул тополмаганидан (балки атайлабдан тополмаганидан бўлсаям ажабланмайман) қандай қилиб бўлсада, сақич, конфет, гугурт, курут воситасида харидорни ҳакини бераётганида эмас. Масала, сотувчи ана шу қайтимга бераётган нарсасини, керак бўлса, қимматрокка ўтказиб олаётганида. Масалан, чакана савдода гугуртни қутисини 150 сўмдан, борингки 200 сўмдан сотиб олиш мумкин бўлгани ҳолда, қайтим ўрнига беришда уни 250 сўмга ўтказиб юборилаётганида! Кечагина бир савдо дўкони сотувчиси шахсан ўзимга 500 сўм қайтим ўрнига бир дона қурут таклиф қилди. Тасаввур қилаяпсизми? Бир дона. Яна бир нарса. Агар мен шу 500 сўмга яна 500 сўм қўшсам, шаҳар ичи автобуслари 1000 сўмдан қатнаётган Фарғона шаҳрининг бу четидан у четига автобусда етиб олишим мумкин. Агар қўлига 500 сўм пул ва бир дона қурут тутқазсам, автобус ҳайдовчисининг юз тузилиши ҳолатини кўз олдингизда гавдалантириб кўрингчи!

Мулоҳаза учун статистика

Республика Марказий банки томонидан эълон қилинган йиллик ҳисоботлардаги муомаладаги нақд пулларнинг сони бўйича таркибий ўзгаришларга назар ташлайлик.

Айтайлик 2020 йил ҳолатига 100 дона банкнота бўлса, шуларнинг 3 таси 100 000 сўмлик, 9 таси 50 000 сўмлик, 18 таси 10 000 сўмлик, 37 таси 5 000 сўмлик, 20 таси 1 000 сўмлик, 13 таси 500 сўмгача бўлган танга пулдан иборат бўлган. Энди бир қизиқ ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Демак, 5 000 дан 100 000 сўмгача бўлган 67 та йирик  банкнотага, 20 та 1 000 сўмлик банкнота тўғри келаяпти. Агар йирик банкноталарнинг ҳар бири алоҳида қўлларда, яъни 67 та одамнинг қўлида биттадан турибди, деб тасаввур қилсак ва ушбу пулларнинг ҳар бир айланишида қайтим учун камида бир донадан 1 000 сўмлик керак бўлади, дейдиган бўлсак, бу ҳолда тўлақонли муомала учун 20 дона 1 000 сўмлик банкнота етарли бўладими? 47 та одамга қайтим йўқдек бўлиб чиқмаяпти шунда? Таққослаш учун: 2017 йилда 5 000 сўмдан 50 000 сўмгача бўлган 27 та йирик банкнотага 60 та 1 000 сўмлик банкнота тўғри келган.

Ҳар бир майда пулга “иш бериш” керак

Совет давридаги фақатгина 2 тийинлик тангага ишлайдиган кўчадаги телефонни кўпчилик ёши каттароқларимиз яхши эслайди. Мен шу материални тайёрлаш жараёнида балки бу атайлабдан, 2 тийинлик тангани муомаладаги ролини ошириш учун қилинмаганмикан, деб ўйлаб ҳам қолдим. Ҳақиқатан ҳам ўша даврдаги тангаларнинг ҳар бирини ўзига хос ўрни ва роли бордек. 1 тийин ташласангиз сиропсиз газли сув ичасиз, 3 тийинликка сироплиси, автомат ўйин ўйнамоқчимисиз, марҳамат қилиб 15 тийинлик солинг, яъни бу ўйин автоматга 10 ва 5 тийинликни сола олмайсиз, фақат 15 тийинлик сўрайди ва унигина танийди бу қурғур. 25 тийинликни солиб, 10 тийини олдиндан тўлов дейишингиз ҳам ноўрин, “олмайди” у.

Бугун одамларимиз қўлига танга пулни ушлашга, уни олиб юришга қизиқишларини уйғотиш, бунинг ортидан нақд пулли ҳисоб-китобларда уларнинг доимий айланишини ташкил қилиш, содда қилиб айтганда 50 сўмдан 500 сўмгача бўлган бугунги “ишсиз” танга пулларимизга иш топиб бериш учун балким шунақа усулларни қўллаш керакдир.

Нақд пулнинг келажаги борми ўзи?

Бугунги кунда бутун дунёда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар кенг ривож топиб бормоқда. Бугун одамлар банк пластик карточкаларининг магнит хотираларига ёзилган шаклдаги пулларга ҳам қаноат қилмасдан электрон пулларнинг бошқа-бошқа шаклларини ўйлаб топмоқдалар. Интернет тармоғи воситасида миллионлаб номиналдаги купюраларга тенг кучли бўлган электрон пуллар дунёнинг исталган бурчагига сонияларда бориб тушмоқда. Мамлакатимиз тўлов тизимлари ҳам дунёдаги мазкур ўзгаришлардан четда тургани йўқ. Яхшидир, ёмондир, лекин бу соҳада ишлар талай.

Марказий банк маълумотларига кўра, банк карталари орқали айланмалар 2018 йилдаги 140 триллион сўмдан 2020 йилда 359 триллион сўмга етган (тасавввур қилишингиз учун 359 трлн = 359 000 000 000 000). Бу дегани одамларимиз қўлидаги банк карталарига 180 триллион сўм келиб тушиб, 179 триллиони турли тўловлар учун сарфланган дегани (қаранг: cbu.uz, Марказий банкнинг 2020 йил учун ҳисоботи, 4.2.3.1-чизма). Ушбу суммани республикамиз аҳолиси жон бошига бўлганимизда ёшу қари ҳар бир кишисига ўртача 10 млн сўмдан ортиқроқ суммага тўғри келмоқда.

2020 йилда банк карталаридан амалга оширилган тўловларда товарлар ва хизматлар учун ҳисоб-китоблар, шунингдек ўтказмалар ҳажмининг йиллик ўсиш суръати 2019 йилдаги 28,7 фоиздан  56,8 фоизгача ошгани ҳолда, маблағларни нақдлаштириш ҳажмининг ўсиш суръати эса 2019 йилдаги  197,4 фоиздан 70 фоизгача секинлашган (ўша ҳисоботнинг 149-варағи). Бу одамлар пулларини банк карталарида сақлашни ҳам ўрганмоқда, уларнинг воситасида тўловларни амалга оширишнинг қулайликларини ҳам тушуниб етмоқда, дегани эмасми? Ўзингиз ўйланг, товар ёки хизмат учун нақд пулда тўлаганингизда қайтим деган кичкинагина бошоғриғи бўлгани ҳолда, банк картаси воситасида тўланганда, ҳаттоки бугунги кунда муомалада бўлмаган тийинларни ҳам тўлаш имконияти мавжуд.

Албатта, нақд пул бугунги кунда ўзининг уйнинг тўридаги ўрнини электрон пулга тўлиқ бўшатиб бермоқчи эмас. Лекин чўнтагингиздаги 100 000 сўм нақд пулни кўчада тушириб қолдирганингиз билан, ичида 100 000 сўм пули бўлган банк картангизни тушириб қолдирган ҳолатингизни тасаввур қилинг. Қайси бир ҳолатда пул Сизнинг қўлингизга қайтиб келишининг эҳтимоли юқори? Агар ушбу ҳолатда нақд пулни қайтиб келмаслик эҳтимоли 99,99 фоиз бўлса, картадаги пулни Сизга қайтиб келиш эҳтимоли ҳам шу 99,99 фоизга тенг дея оламиз. Кимдир ундаги пулни ишлатиб юборганида ҳам, пул изсиз йўқолиб кетмайди.

Мақола ниҳоясида одамларимизни нақд пулли ҳисоб-китоблар жараёнидаги қайтимлар масаласида талабчанроқ бўлишга чақириш баробарида, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятини олиб бораётган биродарларга дунёда кенг тарқалган “Истеъмолчи (мижоз) – доим ҳақ”, деган иборани яна бир эслатиб ўтишни жоиз деб биламан. Нега бундай десангиз, кундалик ҳаётда қўлида пули бор одам нимани олиш ёки олмасликни ўзи ҳал қилади. Сизнинг савдо дўконингизга кириш ёки кирмаслик ҳам унинг қарорига боғлиқ. Агар харидорлар Сизнинг муомалангиз, алдовларингиздан безиб қолса, дўконингизни четлаб ўтаверса, бир кун келиб Сизни тадбиркор учун энг оғир жазо – банкротлик қучоқ очиб кутиб олиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.

USAGM Workshops in Uzbekistan лойиҳаси доирасида “Савдо ва хизмат соҳасида нақд пул муомаласи: чекланишлар ва йўқотишлар” мавзусини кенг ёритиш мақсадида аҳоли ҳамда аҳоли билан нақд пулли ҳисоб-китобларни олиб борувчи хўжалик юритувчи субъектлар вакиллари ўртасида алоҳида сўровномалар ўтказилди. Соҳа мутахассислари билан суҳбатлашилди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг соҳага оид масалалардаги очиқ маълумотлар базаси маълумотларидан фойдаланилди.

Ғайрат Маматқулов, мустақил журналист

—   ≡   —

Тимур Юлдашев