Валюталар контрабандаси тушунчаси ва унинг моҳияти

Бугунги кунда давлатларнинг иқтисодиётига ва ташқи савдо фаолиятига салбий таъсир қилувчи ҳолат сифатида валюта қимматликларининг контрабанда йўли билан бир давлат ҳудудидан бошқа давлат ҳудудига олиб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муаммоли ҳодиса кенг тарқалиб бормоқда.

Шу боис, валюталар контрабандасига қарши кураш фаолияти билан шуғулланувчи мутахассислар ўртасида ўзаро муомалада “Валюталар контрабандаси” тушунчаси кенг ишлатилмоқда. Бундай ноқонуний фаолиятнинг вужудга келганлиги бугунги кунда расмий-ҳуқуқий ҳужжатларда ушбу тушунчанинг таърифини ишлаб чиқиш ва унинг қамровини, яъни таркибий элементларини (асосий белгиларини) кўрсатиш зарурати вужудга келганлигини кўрсатади.

Аммо бу тушунча янги пайдо бўлганлиги сабабли бугунги кунга қадар халқаро ҳуқуқ нормаларида ва давлатларнинг миллий қонунчилигида ҳамда халқаро ва миллий атамалар луғатларида “Валюталар контрабандаси” тушунчасига аниқ таъриф берилмаган. Шуни таъкидлаш жоизки, халқаро ҳуқуқ ва давлатларнинг миллий қонунчилигида “Чет эл валютаси”, “Валюта”, “Валюта қимматликлари”, “Контрабанда” каби тушунчаларга алоҳида-алоҳида таъриф берилган бўлиб, мазкур тушунчалар муомалада ишлатилаётган “Валюталар контрабандаси” тушунчасинининг мазмун моҳиятини ҳар томонлама тўлиқ очиб бермайди. Бу ҳолат “Валюта” ва “Контрабанда” тушунчаларини ўзаро боғлаган ҳолда янги “Валюталар контрабандаси” тушунчасининг таърифини ишлаб чиқишни тақазо этади.  

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида валюта тушунчасига қуйидагича изоҳ берилган:

валюта –(итал. valuta — қиймат, баҳо лот. valere — кучли бўлмоқ; қадрланмоқ, баҳоланмоқ);

1. муайян давлатнинг пул бирлиги (сўм, танга, доллар ва б.);

2. пул тизим инииг тури (олтин, кумуш ёки қоғоз валюта);

3. хорижий давлатларнинг пуллари, халқаро ҳисоб-китобларда қўлланадиган хорижий пул бирлигидаги кредит ва тўлов ҳужжатлари (векселлар, чеклар ва ҳ.к.).

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 11 декабрдаги «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги 556-II-сонли Қонунининг 4-моддасига асосан, “Чет эл валютаси – муомаладаги ҳамда чет давлат (чет давлатлар гуруҳлари) ҳудудида нақд тўловнинг қонуний воситаси бўлган пул белгилари, шунингдек муомаладан чиқарилаётган ёки муомаладан чиқарилган, аммо алмаштирилиши лозим бўлган пул белгилари, чет давлатларнинг (чет давлатлар гуруҳларининг) пул бирликларида ҳамда халқаро пул бирликларида ёки ҳисоб-китоб бирликларида банк ҳисобварақларида ва омонатларида турган маблағлар” деб изоҳланган.

Ўзбекистон Республикаси 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Жиноят кодексида чет эл валютаси тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: «Чет эл валютаси — 1. тегишли чет эл давлатининг муомаласида бўлган ва қонуний тўлов воситаси ҳисобланган, шунингдек, муомаладан чиқарилган ёки чиқарилаётган, лекин Ўзбекистон Республикасининг пул белгиси билан алмаштирилиши лозим бўлган банкнот тарзидаги чет эл пул белгиси; 2. чет эл давлатларининг пул бирликларида ва халқаро ҳисоб-китоб бирликларидаги счётлар ва омонатлардаги маблағлар».

Шунингдек, Найроби Конвенциясининг (09.06.1977 йилда Найробида (Кения) имзоланган “Божхона ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш тергов қилиш ва уларни бартараф этишда ўзаро маъмурий ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги халқаро Конвенцияси) 1-моддасига кўра Контрабанда – ҳар қандай яширин шаклда божхона чегараси орқали божхона хизматини алдаш йўли билан товарларни олиб ўтиш ҳисобланади.    

Юридик энциклопедияда келтирилишича, Контрабанда – мамлакатга олиб келиш ва олиб кетиш таъқиқланган товарлар, қимматбаҳо буюмлар, валюта бойликлари ва бошқаларни давлат чегарасидан қонунга хилоф равишда, яширинча усулларда ўтказиш, шунингдек таъқиқланган товарларни олиб ўтиш учун қонуний ҳаракатлар қилиш тушунилади.Хусусан,“контрабанда” сўзи италянча “contra-bando” (“contra” – қарши, “bando” – ҳукумат фармони) сўзидан келиб чиққан.

Хулоса қилиб айтганда, халқаро қонунчилик талабларига асосан, Ўзбекистон Республикасида “хорижий валюталар контрабандаси” тушунчасига таъриф беришзарурати мавжуд.  

“Хорижий валюталар контрабандаси” тушунчасини таърифлаш ва уни илмий муомалага киритишдан қуйидаги бир қатор мақсадлар мавжуд:

— биринчидан, мазкур йўналишда хизмат қилаётган мутахассислар томонидан ушбу тушунчанинг мазмунини тушуниш, назарий билим сифатида ўрганиш;

— иккинчидан, ҳуқуқий ва хизмат ҳужжатларида валюталар контрабандаси билан боғлиқ юзага келган вазиятни ёритишда мазкур тушунчадан фойдаланиш;

— учинчидан, валюталар контрабандаси билан боғлиқ жиноятларни суриштирув ва тергов қилиш жараёнида гумонланувчиларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришда фойдаланиш кабилардан иборат.   

Юқоридаги изоҳлардан келиб чиқиб,хорижий валюталар контрабандасига қуйидагича таъриф бериш мақсадга мувофиқ: “Хорижий валюталар контрабандаси – бу хорижий давлатда қонуний тўлов воситаси ҳисобланган валюта маблағларининг давлат чегараси орқали қонунчиликда ўрнатилган тартибни бузган ҳолда олиб ўтиш бўлиб, улар учун тегишли мамлакатнинг ҳуқуқий нормаларига мувофиқ санкциялар назарда тутилади”.

Хулоса қилиб айтганда, хорижий валюталар контрабандаси тушунчасини ҳуқуқий ҳужжатларда расмий тушунча сифатида киритиш зарурати мавжуд.

 

Фарход Гафуров, ДБҚ Божхона институти ўқитувчиси