Адлия вазирлиги Сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидаларини давлат рўйхатидан ўтказди. У 2026 йил 17 июндан кучга киради.
Этика қоидалари сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва фойдаланишда сунъий интеллект технология ва тизимлари ҳамда сунъий интеллект иштирокчиларига нисбатан хавфсизлик ва этика меъёрларини белгиловчи асосий қоида ва талаблардир.
Сунъий интеллект иштирокчилари сунъий интеллект технологиялари ва тизимларидан фойдаланишда мазкур этика қоидалари талабларига қатъий риоя этишлари шарт.
Этика қоидаларининг мақсади сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган сунъий интеллект тизимларидан хавфсиз фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Сунъий интеллект иштирокчилари сунъий интеллект технология ва тизимларидан фойдаланишда қуйидаги тамойилларга риоя қилишлари лозим:
қонунийлик;
шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳамда атроф-табиий муҳитни ҳимоя қилишнинг устуворлиги;
тушунарлилик;
масъулият, жавобгарлик ва назорат;
адолатлилик ва камситишга йўл қўймаслик;
очиқлик ва шаффофлик;
маълумотлар ҳимояси;
ишончлилик ва хавфсизлик.
Хусусан, ишончлилик ва хавфсизлик тамойилига кўра сунъий интеллект технология ва тизимларининг барқарор ва аниқ ишлаши, хатолик эҳтимоли минимал даражада бўлиши, сунъий интеллект технология ва тизимларига киритилган маълумотларнинг хавфсиз сақланиши лозим.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига алоқадор юридик аҳамиятга эга қарорлар, соғлиқни сақлаш (касалликларни ташхислаш, даволаш усулларини белгилаш ва бошқалар) ва бошқа соҳалардаги қарорларни қабул қилишда фақат сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосаларига таянмаслик керак.
Сунъий интеллект технология ва тизимларини ишлаб чиқувчи ва жорий этувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
сунъий интеллект технология ва тизимларини мазкур этика қоидаларига асосан ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
қонунчиликда белгиланган тартибда ўз сунъий интеллект технология ва тизимларига бўлган мулк ҳуқуқи ва интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш;
сунъий интеллект технология ва тизимлари учун мазкур этика қоидаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар бериш.
Сунъий интеллект технология ва тизимларини ишлаб чиқувчи ва жорий этувчилар қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Сунъий интеллект технология ва тизимларини ишлаб чиқувчи ва жорий этувчилар қуйидаги мажбуриятларга эга:
ушбу этика қоидаларига амал қилиш;
сунъий интеллект технология ва тизимларидаги алгоритмларнинг шаффоф ва тушунарли бўлишини таъминлаш;
сунъий интеллект технология ва тизимларидаги эҳтимолий тарафкашликни олдини олиш;
шахсга доир маълумотлар ва фойдаланиши чекланган маълумотлар ҳимоясини таъминлаш;
сунъий интеллект технология ва тизимларининг имкониятлари, чекловлари ва эҳтимолий хавфлари ҳақида очиқ маълумот бериш;
сунъий интеллект технология ва тизимларидан фойдаланувчиларни улардан фойдаланиш қоидалари билан таништириш, улардан қандай мақсадда фойдаланиш мумкинлиги ёки тақиқланиши, шунингдек сунъий интеллектга асосланган ечимлар ёки қарорлар доим тўғри бўлмаслиги ҳамда уларнинг натижаларидан тавсиявий ёки маълумот учун фойдаланиш мумкинлиги ҳақида маълумот бериш;
сунъий интеллект технология ва тизимлари дастурий таъминоти хавфсизлигини таъминлаш;
мазкур этика қоидаларини инобатга олган ҳолда сунъий интеллект технология ва тизимларини доимий равишда такомиллаштириб бориш;
сунъий интеллект технология ва тизимлари инсон назорати остида бўлишини ҳамда инсон томонидан қайта кўриб чиқилиши, шунингдек якуний қарор инсон томонидан қабул қилинишини таъминлаш;
сунъий интеллект технология ва тизимларидан қонунчиликка зид бўлган ёки шахс, жамият, давлат ва атроф табиий-муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган мақсадларда фойдаланмаслик;
сунъий интеллект технология ва тизимларидан фойдаланувчилар учун сунъий интеллект технологиялари ва тизимларидан фойдаланиш қўлланмасини ишлаб чиқиш ва жойлаштириш.
Сунъий интеллект технология ва тизимларини ишлаб чиқувчи ва жорий этувчилар қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.