Фарғонада тадбиркорларга судсиз жазо қарорлари чиқарилгани аниқланди

Фарғонада тегишли ҳужжатларни судларга юбормасдан тадбиркорларга жазо қарорлари чиқарилгани аниқланди. Бу ҳақда бизнес-омбудсман матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, айрим назорат қилувчи органлар тадбиркорларга нисбатан маъмурий чора кўришда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талабларига амал қилмасдан, ваколат доирасидан четга чиққани маълум бўлган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, якка тартибдаги тадбиркорлар ва уларнинг ходимлари, юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларининг мансабдорлари ёки бошқа ходимлари томонидан фаолият давомида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни жиноят ишлари бўйича судлар кўриши лозим.

Шунга қарамасдан, Фарғонада айрим инспекциялар мансабдор шахслари тадбиркорларга нисбатан расмийлаштирилган ҳужжатларни судга юбормасдан, кўриб чиқиб, жазо қўллаш тўғрисида қарорлар қабул қилгани фош бўлди.

Бизнес-омбудсман томонидан киритилган хулосалар асосида 8 та ҳолатда йўл қўйилган қонун бузилишлари бартараф этилди ва инспекция томонидан ноқонуний қарорлар бекор қилинди.