ЮРИСТ МИНБАРИ. САВОЛ БЕРИНГ ЖАВОБ БЕРАМИЗ

Савол: Тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб маъмурий судларга кимлар мурожаат қилиши мумкин?

А. Воҳидов, Фарғона тумани.

Жавоб: «Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб маъмурий судларга давлат божи тўламасдан мурожаат қилиши мумкин бўлган субъектлар келтириб ўтилган. Уларни, асосан, иккита тоифага ажратиб кўрсатиш мумкин:

1-давлат органлари;
2-нодавлат ташкилотлар.

Биринчи тоифага мисол тариқасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, прокуратура каби органларни кўрсатиш мумкин.

Иккинчи тоифага Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари, қолаверса, агар тадбиркорлик субъектлари фермер хўжалиги ҳисобланса, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларини киритиш мумкин.

Савол: Конституциявий судда Олий суд мурожаати бўйича «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 8, 9, 10-моддалари иккинчи қисмининг Савдо-саноат палатасига оид нормаларига шарҳ бериш тўғрисидаги иш кўриб чиқилган экан. Шу ҳақида маълумот берсангиз?

М. Тўраев. Ёзёвон тумани.

Жавоб: Маълумки, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун 8-моддаси биринчи қисмининг 14-банди, шунингдек, 9 ва 10-моддалари биринчи қисмининг 2-бандларига асосан, Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар бўйича фуқаролик ишлари бўйича, иқтисодий ва маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган.

«Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни 8, 9, 10-моддаларининг иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилиши белгиланган.

Мазкур Қонун нормалари судлар томонидан турлича талқин қилиниб келинган. Масалан, айрим маъмурий ва иқтисодий судлар томонидан Савдо-саноат палатаси аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган аризалар бўйича ариза талаблари қаноатлантиришдан рад этилганда Қонуннинг 9, 10-моддалари иккинчи қисмига асосан давлат божини Савдо-саноат палатаси ҳисобидан ундирилган бўлса, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан эса давлат божи манфаати кўзланиб даъво киритилган палата аъзолари ҳисобидан ундирилган.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 31.01.2025 йилдаги КСҚ-2-сон қарори билан «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни 8, 9, 10-моддалари иккинчи қисмининг Савдо-саноат палатасига оид нормаларига қуйидаги мазмунда шарҳ берилди:

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволари (аризалар) бўйича «…кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади» деган нормани, давлат божи ариза қайси шахсларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган бўлса, шу шахслардан даъво талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади, деб тушуниш лозим.

Азат Иматов, Фарғона туманлараро маъмурий суди судьяси, ю.ф.б.ф.д.