Президентимизнинг 2023 йил 31 майда қабул қилинган “Мамлакатимизда қонун устуворлиги ва прокуратура органларининг аҳоли билан янада яқин ҳамкорлигини таъминлашда ходимларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳада маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Эзгу ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилояти прокуратураси томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳам эътиборга молик. Айни пайтда вилоят прокуратурасининг 300 нафарга яқин ходимлари вилоят Ахборот-кутубхона маркази аъзоси ҳисобланади.
Фарғона вилоят прокуратураси томонидан ходимлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, маънавий фазилатларини ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг март-апрель ойларида махсус дастур асосида “Китобхон-прокурор” танлови ўтказилгани эса бу борадаги ишларнинг мантиқий давомидир.
Танловнинг биринчи босқичида (тест синовлари) 250 дан ортиқ ходимлар иштироки таъминланиб, иккинчи босқичга уларнинг 80 нафари саралаб олинди.
Иккинчи босқич (машҳур асар бўйича тезис ёзиш)да тўплаган баллари ва биринчи босқич натижалари бўйича энг юқори кўрсаткичларга эришган бир гуруҳ ходимлар танловнинг учинчи босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танловнинг учинчи босқичи доирасида жорий йилнинг 3 май куни вилоят ахборот-кутубхона марказида “Заковат” интеллектуал ўйини уюштирилиб, ходимларнинг билим ҳамда тафаккури синовдан ўтказилди.
Танлов натижасига кўра, “Навоий издошлари” жамоаси фахрли биринчи, “Зиёкор” жамоаси иккинчи ҳамда “Ренессанс” жамоаси учинчи ўринни қўлга киритиб, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, фаоллиги учун танловнинг уч нафар иштирокчиси – И. Алимов, Б. Ибрагимов ва М. Расуловаларга вилоят прокурорининг ташаккурномаси эълон қилинди.
Ўз навбатида танловнинг якуний босқичида қатнашаётган 11 нафар томошабинлар ўртасида “Тезкор савол-жавоб” уюштириш орқали 4 нафари (икки нафари ходим, 2 нафари ўқувчи) ғолиб деб топилди ва эсдалик совғалари топширилди.
Мухтасар айтганда, бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, дунёқарашини янада кенгайтириш ҳамда эзгу қадриятларимиз бардавомлини таъминлашга хизмат қилади.
Айни жиҳатларни инобатга олган ҳолда Фарғонада прокуратура органлари тизимида китобхонлик бўйича юзма-юз мулоқотларни анъанавий тарзда изчил давом эттириш режалаштирилган.