ЮРИСТ МИНБАРИ. САВОЛ БЕРИНГ ЖАВОБ БЕРАМИЗ

Савол:   Маъмурий судларда тарафлар ўзаро келишув йўли билан ҳам низони ҳал қилиш мумкинми?

Содиқова М
Фарғона шаҳри.

Жавоб: Маъмурий судларда келишув битими янги институтлардан бири ҳисобланиб, бу Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги ЎРҚ-833-сонли Қонунига асосан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига киритилган.

Шунга кўра, тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин.

Низони келишув битимини тузган ҳолда ҳал этишнинг тарафлар учун афзаллик тарафлари кўп. Масалан, ҳал қилув қарори одатда қарор қабул қилинганидан кейин бир ой ўтиб кучга кирса, келишув битими суд томонидан ажрим билан тасдиқланади ва суднинг ажрими дарҳол ижро этилади. Бунда тарафлар, айниқса аризачи учун вақт тежалади. Ёки иш мазмунан кўрилиб, ҳал қилув қарори қабул қилинганида, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан прокуратурага хабарнома, хусусий ажрим ёки суд жарималари каби суд томонидан таъсир чоралари кўрилиши мумкин.

Масалан, 2024 йилда аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 301 та ҳолатда хусусий ажримлар ҳамда мансабдор шахсларининг ҳаракатларида жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд ёхуд мавжуд эмаслигига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан 38 та ҳолатда прокуратура органларига хабарномалар юборилган, 6 та суд жарималари қўлланилган. Келишув битими тузилганида эса, максимал даражада бу каби ҳолатларнинг олди олиниши ва бу кўпинча, жавобгар томон учун бир мунча қулай ҳисобланади.

Амалиётда низони келишув битимини тузган ҳолда ҳал этиш ҳолатлари жуда кам. Чунки, биринчидан бу янги институт бўлса, иккинчидан қонунчиликда суд келишув битимини тасдиқлашни рад этиши керак бўлган вазиятлар ҳам кўрсатилган. Лекин, шундай бўлсада, Фарғона туманлараро маъмурий судида битта ҳолатда суд томонидан келишув битими тасдиқланган ва бир-бирига қарама-қарши иккита тараф вакиллар ҳам суд залидан хурсанд бўлиб чиқишган.

Савол: Маъмурий судларда суд жаримаси қандай ҳолларда
ва кимларга солинади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунучилик талабига кўра, суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурий эканлиги, суд ҳужжатларини ижро этмаслик қонунда белгиланган маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига асосан, суд ҳужжати ижро этилмаган тақдирда, айбдор шахсларнинг шахсий маблағлари ҳисобидан республика бюджети даромадига базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача, суд ҳужжати такроран ижро этилмаган тақдирда, дастлабки солинган жариманинг ўн баравари миқдорида суд жаримаси солиниши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, маъмурий судларда суд жаримаси ҳам янги институтлардан бири ҳисобланиб, бу Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги ЎРҚ-833-сонли Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига киритилган.

Шунга кўра, маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан суд ҳужжати ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда суд жаримаси солинади. Суд ҳужжати такроран ижро этилмаган тақдирда, дастлабки солинган жариманинг ўн баравари миқдорида суд жаримаси солинади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, суд томонидан мансабдор шахсларга солинган суд жарималари уларнинг шахсий маблағларидан республика бюджети даромадига ундирилади.

Азат Иматов, Фарғона туманлараро маъмурий суди судьяси, ю.ф.б.ф.д.