«Вирусли гепатитлар алифбоси»га дучор бўлмаслик учун нима қилиш керак?

Жорий йилнинг 16-17 декабрь кунлари Фарғона шаҳрида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ташаббуси ҳамда Корея Республикасининг “KOFIH” халқаро фонди ҳамкорлигида “Аҳоли ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, аҳоли хабардорлигини оширишда оммавий ахборот воситалари вакилларининг билим ва кўникмаларини ошириш” мавзусида икки кунлик семинар-тренинг бўлиб ўтди. Тренингда иштирок этиб, олинган билимларнинг бир парчасини сиз — азиз ўқувчилар билан ўртоқлашмоқчиман.

Аввало, ўқувчи эътиборини мақола номидаги «вирусли гепатитлар алифбоси» жумласига, нега ундай номлаганимизга қаратмоқчиман. Маълумки, вирусли гепатит касаллигининг бир неча турлари бор, жумладан улар тиббиётда A, B, C, D, E, F, G, қўйингки лотин алифбоси тартибида ҳарфлар кетма-кетлигида номланган. Шундан келиб чиқиб, уни (ўринли ўхшатиш бўлмасада) бир қарашда алифбога, яъни вирусли гепатитлар алифбосига қиёслаш мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 2022 йилда дунёда 304 миллион киши сурункали вирусли гепатитнинг B ёки C турларидан бирига чалинган ҳолда ҳаёт кечирган бўлса, шуларнинг 2,2 миллионини касалликни биринчи марта юқтириб олган кишилар ташкил қилган. 2022 йилда касалликнинг ушбу турларидан 1,3 миллион киши ҳаётдан кўз юмган. Ушбу статистик маълумотлар, албатта, кишини ҳушёр торттиради. Шундай экан, келинг, вирусли гепатит ва унга чалинмаслик борасида қўйиладиган оддий қадамлар хусусида тўхталайлик.

Мутахассислар фикрига кўра, умуман касалликлар ўткир ва сурункали тусда кечиши мумкин. Айтайлик, ўткир тусдаги касаллик билан боғлиқ оғриқ унинг манбаасини бартараф қилиниши билан бутунлай йўқолиши ёки ўткир тусдаги касаллик сурункали тусга ҳам ўтиши ва энди у узоқ муддат давомида ўзини намоён қилиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, вирусли гепатит касалликлари турларини фарқлашда ушбу ҳолатга ҳам эътибор қаратиш бизга унинг A, B, C, D, E каби турларини бир-биридан фарқлаб олишда бир қадар ёрдам кўрсатади.

Вирусли гепатитнинг А ва Е турлари ўткир тусда кечадиган касаллик ҳисобланиб, унинг А турида сурункали тус олиш кузатилмаслиги, Е турида эса деярли кузатилмаслиги билан бошқаларидан фарқланади. Ҳар икки турнинг юқиш манбалари ўхшаш. Вирусни асосан кирланган сув, таом, яхши ювилмаган идиш ҳамда бемор билан мулоқотда бўлиш орқали юқтириш мумкин экан. Вирусли гепатит А касаллигини «ифлос қўллар касаллиги» деб номланиши ҳам бежизга эмас. Демак, ушбу касалликлардан доимий ҳимояда бўлиш учун шахсий гигиена қоидаларига, хусусан қўлларни тоза тутиш, истеъмол қилинаётган сув, таомнинг сифатига, фойдаланишда бўлган идиш-товоқларни озода тутишга ҳамда бемор билан мулоқотда тегишли эҳтиёткорлик чораларини кўришга эътиборли бўлиш муҳим аҳамият касб этади.

Вирусли гепатитнинг B, C ва D турлари оғир хасталиклардан ҳисобланади. 1967 йил Нобель мукофоти лауреати, америкалик шифокор Самуэль Барух томонидан аниқланган, касалликнинг ушбу турлари ичида энг хавфлиларидан бири бўлган ва ҳар йили унга чалинган минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юмишларига сабаб бўлиб келаётган вирусли гепатитнинг В тури қўзғатувчиси бўлган вирусга ҳозирда бевосита таъсир кўрсатувчи препарат топилмагани айтилади. Лекин вирусли гепатитнинг бу турига қарши ҳозирда вакциналар мавжуд бўлиб, инсон ўзини эмлатиш орқали касалликдан ҳимояланиши мумкин.

Гепатит C дейилганда кўпчиликнинг кўз ўнгига жигар циррози ёки саратони билан касалланган бемор келади. Ушбу вирус асосан қон орқали юқиши, айтайлик, стоматолог, гўзаллик салонлари, маникюр ва педикюр муолажалари ва бошқа шу каби хизматлардан фойдаланишда касал одамнинг қони теккан буюмдан бошқа бир инсонга юқиши мумкин. Шунингдек, ўзгаларнинг тиш чўткаси ёки соқол оладиган ускунаси каби шахсий гигиена буюмларини ишлатмаслик керак (ҳатто у Сизнинг оила аъзоингиз бўлса ҳам).

Шифокорлар томонидан «суперинфекция» деб аталадиган вируслигепатитнинг D тури организмда B вируси бўлгандагина учрарэкан. Аксар ҳолларда касаллик билан зарарланиш қон қуйганда ёки гиёҳвандларнинг шприцлари орқали юқиши кузатилган. Тиббий адабиётларда онадан ҳомилага юқиши ҳам мумкинлиги, вируслигепатит B га чалинган беморлар гепатит Dни юқтиришга мойил бўлиши айтилади.

Шу ўринда «Касалликни даволагандан кўра, уни олдини олган маъқул (ёки ҳам осон, ҳам арзон)», деган ҳикматли иборани ёдингизга солган ҳолда, вирусли гепатит касаллигини юқтириб олмаслик, ундан ҳимояланиш учун қандай йўл тутиш керак, деган саволга қисқагина тўхталиб ўтайлик.

Шахсий гигиена қоидаларига доимий равишда амал қилишда эринчоқликка йўл қўймаслик бизни вирусли гепатитнинг айрим турларини юқтириб олишимиздан ҳимоя қилади. Бир йилда бир марта вируслигепатитларга қон таҳлили топшириш ҳам муҳим аҳамият касб этишини унутмаслигимиз керак. Вирусли гепатитларнинг вакцинаси бор турларига қарши ўзимиз эмланишимиз билан бир қаторда, яқин кишиларимизнинг ҳам эмланишларини ташкил қилишимиз оилада тинчлик-хотиржамлик, файз-барака ҳукм суриши йўлида қўйилган қадамлардан бири бўлади, дейиш муболаға бўлмайди. Тиббиёт муассасалари ва гўзаллик салонларида бир марталик асбоблардан фойдаланиш ва уларни стерилизацияланганига эътибор қаратиш ҳам муҳимдир. Шу ўринда, гепатитнинг баъзи турдаги вируслари қонга тушганидан кейин 20-30 йилгача ўзини намоён қилмаслигини ҳам унутмаслик керак. Саломатлигимизга бефарқ бўлмайлик.

Ғайрат МАМАТКУЛОВ, тренингда олинган билимлар ва интернет материаллари асосида тайёрланди.