Санъат ва маданият соҳасида таълим олаётган ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ҳамда молиявий саводхонлик тадбири бўлиб ўтди

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали талабалари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ҳамда Фарғона вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган медиа режа асосида «Ҳудудий бирлашма томонидан давлат гранти асосида амалга оширилаётган “Келажагимиз бўлган ёшлар молиявий саводхон бўлмоғи зарур” номли лойиҳа мазмун-моҳияти» мавзусида очиқ мулоқот ҳамда мазкур грант лойиҳаси доирасидаги семинар тренинг ташкилланди.

Дастлаб юқорида номи зикр этилган грант лойиҳасининг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳамда уни амалга ошириш механизмлари, лойиҳа амалга оширилишидан кутилаётган натижалар, лойиҳани тўлақонли амалга ошириш борасида Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси билан олиб борилаётган ҳамкорлик хусусида атрофлича маълумотлар бериб ўтилди. Таъкидландики, шу кунга қадар грант лойиҳаси доирасида моддий-техник таъминот учун товарлар хариди амалга оширилди, Марказий банк вилоят бош бошқармаси билан меморандум ва вилоят телерадиокомпанияси билан лойиҳани амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар имзоланди, ҳудудий бирлашманинг сайти модернизация қилинди, плакатлар лойиҳаси ишлаб чиқилиб тасдиқланди, Фарғона политехника институти, Фарғона жамоат саломатлиги институти, ТАТУ Фарғона филиали ва Фарғона давлат университети талабалари иштирокида семинарлар ўтказилди, ФарДУ Иқтисодиёт факультетига “Молиявий саводхонлик кутубхонаси” ташкилланди. Лойиҳани амалга ошириш бўйича ишлар тизимли асосда давом эттирилмоқда.

Тадбирнинг иккинчи қисмида “Келажагимиз бўлган ёшлар молиявий саводхон бўлмоғи зарур” номли грант лойиҳасида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш йўналишида олий таълим даргоҳлари талабалари иштирокида ташкилланаётган молиявий саводхонликни тарғиб қилишга оид тадбир ўтказилди.

Тадбирда Марказий банк вилоят бош бошқармаси ҳамда ҳудудий бирлашма масъуллари томонидан талабаларга молиявий хизматларнинг кредитлар, омонатлар, валюта айирбошлаш, пул ўтказмалари, пластик карточкалардан фойдаланиш, суғурта, лизинг, брокерлик, ломбардлар фаолиятига оид масалаларда атрофлича тушунтиришлар бериб ўтилиб, уларнинг бу борадаги ҳуқуқий билимларини ошириш, саводхон бўлишга чорлаш билан бир қаторда, ушбу йўналишлардаги турли фирибгарликлардан, кибержиноятлардан эҳтиёт бўлиш юзасидан тавсия ва кўрсатмалар ҳам бериб ўтилди.

Тадбирлар давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилиб, унда фаол иштирок этган талабаларга китоблар совға қилинди.