Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида «Миндонобод» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Л.М.нинг набираси учун 1 200 000 сўмга харид қилган уч ғилдиракли велосипед-тандемда аниқланган нуқсонлар ва сотувчи томонидан ушбу нуқсонларни бартараф этиш ишлари пайсалга солиб келинаётганлиги масаласидаги мурожаати ўрганилди.
Мурожаат эгаси велосипедни 2 ой олдин туман марказидаги савдо дўконидан харид қилганини, хонадонга келтирилган уловда бир қатор нуқсонлар аниқлангани, сотувчи билан музокаралар натижасида уларнинг айримлари бартараф этилгани, айримларини эса бартараф этиб берилиши бўйича ваъда берилган бўлсада, бу ишлар ҳалигача охирига етказилмаганини маълум қилиб, ўзининг қонуний ҳуқуқлари рўёбга чиқарилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.
Туман жамияти мутахассислари томонидан ушбу мурожаат асосида олиб борилган ўрганишлар давомида «Водил-2020» хусусий корхонасига қарашли савдо дўкони масъулларига амалдаги қонунчилик талаблари ҳамда мазкур талабларни бажармаслик натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар юзасидан тушунтиришлар берилиб, ўрганишлар доирасида велосипеддаги нуқсонлар тўлиқ бартараф этилиб, истеъмолчига соз ҳолатда топширилишига эришилди.