Барча авиа, темирйўл ва автобус қатновларида чипта олиш имконини берадиган ягона онлайн платформа ишга туширилади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Президент фармонига мувофиқ, 2024 йил 1 декабргача хорижий мамлакатлар кесимида халқаро туризм кўргазмаларида намойиш қилиш учун маданий, гастрономик ва ҳунармандчилик контенти ишлаб чиқилади.
2024 йил 1 декабргача барча авиа, темирйўл ва автобус қатновлари ҳақида маълумот ва чипта олиш имконини берадиган ягона онлайн платформа ишга туширилади.
Транспорт вазирлиги:
авиа, темирйўл ва автобус чипталарини табақалаштирилган нархларда камида 6 ой олдин савдога чиқариш тизимини жорий қилади;
Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни, Янги йил байрами ва Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) ҳамда Қурбон ҳайити диний байрамларини нишонлаш даврида республика ҳудудларини боғловчи қўшимча авиа, темирйўл ва автобус қатновларини йўлга қўяди;
амалга оширилаётган тадбирлар, жумладан, очилаётган янги рейслар, рейслардаги юкламалар, шакллантирилаётган янги авиа ва темирйўл маршрутлари тўғрисида маълумотларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиб боради.