Тошкент шаҳрида яшовчи 61 ёшли фуқаро С.М. ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахс унинг банк картасидан 1 млн 515 минг сўм пулларини яширин равишда ўзлаштирганлигини маълум қилиб, ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Маълум қилинишича, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни Сурхондарё вилоятида яшовчи 27 ёшли фуқаро М.А. содир этганлиги аниқланиб, қўлга олинди.
Маълум бўлишича, М.А. сохта ҳавола яратиб, уни онлайн кредит ёки “моддий ёрдам олиш учун бу манзилга банк карта маълумотингизни киритинг” мазмунидаги сохта рекламалар билан, турли канал ва гуруҳларда тарқатиб, банк карта бошқарувини бериб қўйган фуқароларнинг пулларини яширин равишда талон-торож қилиб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан М.А.га нисбатан ЖКнинг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.