Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Соҳибқирон Темур кўчасида яшовчи Т.Ё.нинг 3 650 000 сўмга олинган электросамокатнинг нуқсонли чиққанлиги ва уни алмаштириш ёки пулини қайтариб олишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилди.
Мурожаат эгаси аризасида олди-сотди жараёнида электросамокат қувватлагичисиз сотилганини, қувватлагич ўша куни кечқурун келтириб берилганини, икки кун ўтиб самокатда нуқсон кузатилиб, сотувчининг тавсияси асосида устага олиб боришгани, техник таъмирлаш ишларини ўз ҳисобларидан амалга оширишгани, лекин орадан 5 кун ўтиб, яна нуқсонлар чиқа бошлаганини баён қилиб, самокатни мақбул сифатдагисига алмаштирилишида ёки пулини қайтариб олишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўрайди.
Шаҳар жамияти мутахассислари мурожаатни ўрганилиши давомида тадбиркорга юзага келган ҳолатда истеъмолчи ҳуқуқлари ва сотувчи мажбуриятлари, ушбу мажбуриятларни тўлақонли бажармаслик натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар юзасидан тушунтиришлар берганларидан сўнг, сотувчи нуқсонлилиги даъво қилинган электросамокатни мақбул сифатдагисига алмаштириб берди ва муаммо истеъмолчининг фойдасига ҳал қилинди.