Маълум қилинишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия Федерациясидаги вакиллари ҳудудлардаги турли корхоналарда бўлиб, иш берувчилар ва меҳнат мигрантлари билан учрашувлар ўтказди. Амурдаги “Крепост 28” ва Пермдаги корхоналарда ишлаётган юртдошлар ва уларнинг иш берувчилари билан учрашув ташкил этилди.
Учрашувда хорижий ишчи кучига эҳтиёжи мавжуд корхоналарга ташкилий тарзда Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш имкониятлари тўғрисида фикр алмашилди. Меҳнат мигрантлари билан учрашувда Ўзбекистонда миграция соҳасида қабул қилинаётган янги қарор ва қонунчилик нормалари, чет элда меҳнат қилиш учун яратилаётган шароит ва қулайликлар тўғрисида маълумотлар берилди. Уларнинг яшаш ва иш шароитлари ўрганилди.
Шунингдек, Санкт-Петербург давлат аграр университетида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ўтказилди. Санкт-Петербург ҳамда Нижневартовскда молиявий қийин аҳволда қолган фуқаролар Санкт-Петербург—Тошкент, Нижневартовск—Наманган авиарейси орқали Ватанга қайтарилди.
Нижневартовск ва Волгоградда ишлаётган юртдошларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Перм ва Тулада мураккаб вазиятда қолган ватандошларга моддий ёрдам берилди.