Фарғона вилояти статистика бошқармасининг “Турмуш даражаси статистикаси ва уй хўжаликлари кузатувлари” бўлими томонидан жойларда уй хўжаликлари танланма кузатувлари ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 12- март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администратсияси ҳузуридаги АОКА директори ҳамда вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган медиа-тадбирлар режасига асосан вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ва блогерлар иштирокида Фарғона тумани “Хуршиди тобон” маҳалла фуқаролар йиғинига пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирда “Турмуш даражаси статистикаси ва уй хўжаликлари кузатувлари” бўлими бошлиғи М.Раҳимова тадбирни очиб, уй хўжаликларида ўтказиладиган танланма кузатувларнинг мақсади ва моҳиятига тўхталиб ўтди. Жумладан, у уй хўжаликларида ўтказилган танланма кузатувлар натижалари асосида ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг аҳоли турмуш даражасига таъсирини ўрганиш ва мамлакат аҳолиси фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун маълумотлар шакллантирилиши, шунингдек, аҳолининг минимал истеъмол харажатлари қиймати ва камбағаллик чегараси кўрсаткичларини, истеъмол нархлари индексини, миллий ҳисоблар тизимида уй хўжаликлари сектори ҳисобларини тузишда фойдаланиши ҳақида сўз юритди.
Шундан сўнг тадбир қатнашчилари мазкур маҳаллада танлаб олинган Ибрат кўчаси 56 уйда истиқомат қилувчи фуқаро И.Носировлар хонадонига ташриф буюриб, маҳалага бириктирилган интервьюери Н.Қодирова томонидан берилган саволларга уй хўжалиги аъзосидан жавоблар олинди ва олинган маълумотлар жойида планшет қурилмасига киритилди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар томонидан берилган саволларга мутахассислар ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.