Истеъмолчи банк картасидан унинг фамилиядоши кредит тўловига ўтказиб юборилган маблағ қайтарилди

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Марғилон шаҳрида яшовчи Х.Д.нинг олинган кредит маблағи учун амалга оширилган тўловни ўз ҳисоб рақамида акс эттирилмаслиги оқибатида мазкур тўловлардан қарздорлик юзага келганлиги ҳақидаги муаммосини баён қилиб, назорат қилувчи идоралар ва ҳудудий бирлашмага қилган ёзма мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчи мурожаатида Asia Alliance bankнинг «Фарғона» минтақавий банк хизматлари офисидан йиллик 27,99 фоиз устама тўлаш шарти билан, 3 йил муддатга 30 000 000 сўм микроқарз олганлигини, олинган кредит бўйича тўловларни ўз муддатида тўлаб келаётгани, бироқ кредитни тўлаш учун бириктирилган банк картасининг амал қилиш муддати тугаганлиги сабабли, уни 2023 йилнинг декабр ойида Саноатқурилишбанкдан янгисига алмаштиргани, шундан сўнг бу ҳақда кредит берган банк масъул (ҳозирда собиқ) ходимини огоҳлантирганида карта тегишли тартибда расмийлаштириб қўйилгани, лекин айнан ана шу ходим томонидан 2024 йилнинг 10 январида ўзига фамилиядош бўлган Х.Э.нинг кредит қарзига кафиллик шартномаси асосида унинг картасидан 1 240 000 сўм ўтказиб юборилгани баён қилинади.

Федерациянинг Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари томонидан мурожаат асосида ўтказилган ўрганишда истеъмолчининг мурожаатида келтирган важлари исботини топди. Ўрганишлар давомида банк мижози Х.Э. га ўтказиб юборилган маблағ суммаси, Х.Э. дан истеъмолчи Х.Д.нинг банк пластик картасига тўлиқ миқдорда қайтарилишига эришилди.

Усмонжон Рузиев, шаҳар жамияти мутахассиси.