Мебеллар бошқасига алмаштирилиб истеъмолчи муаммоси бартараф этилди

Ёзёвон тумани «Қоратепа» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ш.К.нинг харид қилинган мебел тўпламидаги нуқсонлар ва ушбу масалада сотувчига қилган мурожаатлари эътиборсиз қолдирилаётганлиги борасидаги мурожаати ўрганилди.

Ёзма мурожаатда баён қилинишича, истеъмолчи якка тартибдаги тадбиркор А. Р.га мебел тўплами учун 7 750 000 сўм тўловни амалга оширган. Тайёр мебеллар хонадонга ўрнатиб кетилгач, уларнинг айримларида бирин-кетин нуқсонлар юзага чиқа бошлаган. Ҳолат бўйича сотувчига қилган мурожаати билан эса муаммо ечим топмаган.

Мурожаат туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида сотувчига амалдаги қонунчилик талаблари, мазкур талабларини бажармаслик натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада истеъмолчига сотилган тўпламдаги мебеллар бошқа, мақбул сифатдагисига алмаштирилиб берилишига эришилди. Муаммоси ижобий ҳал этилганидан хурсанд бўлган истеъмолчи туман жамияти ходимларига ёзма равишда миннатдорчилик билдирди.

Раҳматилло Шодмонов, туман жамияти мутахассиси.