Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туман ички ишлар бўлими томонидан юборилган фуқаро мурожаати ўрганиб чиқилди. Мурожаатда харид қилинган уяли алоқа воситаси нуқсонли чиққанлиги ва сотувчи томонидан ушбу муаммони бартараф қилиш чоралари кўрилмаётганлиги маълум қилинган.
Мурожаат эгаси Тошлоқ тумани «Яккатут» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи А. О.нинг сўзларига кўра, у туман марказидаги кредит савдо дўконидан 2 млн 407 минг сўмлик “Samsung Galaxy A 14 6/128 GD Vlask” маркали қўл телефонини қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан харид қилади. Лекин телефонни 10 кун давомида ишлатиши жараёнида алоқа воситасида нуқсонлар аниқланади. Уяли телефонни савдо дўконига олиб келганида “Сервисга олиб борсангиз тузатиб беришади”, деган жавобни олган истеъмолчига, сервис марказидагилар “Ҳозирда бизда ушбу маркали телефон учун эҳтиёт қисм йўқ. Сиз Қўқон шаҳридан эҳтиёт қисм олиб келиб берсангиз таъмирлаб берамиз” деган жавобни олади. Шундан сўнг истеъмолчи ушбу масалада ички ишлар бўлимига мурожаат қилади.
Мурожаат туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида сотувчига амалдаги қонунчилик талаблари кўрсатиб ўтилган сўров хати киритилди ва уяли алоқа воситасидаги нуқсон сотувчининг саъй-ҳаракатлари билан сервис марказида бепул бартараф этиб берилишига эришилди.