Бешариқда «Соғлигинг — ўз қўлингда» номи остида лойиҳа амалга оширилмоқда

Бешариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгаши ҳузуридаги Жамоат фондининг гранти соҳиби бўлган эди. Лойиҳа «Соғлигинг ўз қўлингда» деб номланиб, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тиббий ва экологик маданиятни юксалтириш йўналишида ишлар олиб боришни кўзда тутади. Туман жамияти томонидан Тиббиёт бирлашмасида ташкилланган тадбир ана шу лойиҳада кўзда тутилган тадбирлардан бири ҳисобланади.

Тадбирда ижтимоий шерикчилик асосида ҳамкор ташкилотлар билан лойиҳани амалга ошириш йўналишида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси асосида олиб бориладиган ишлар, хусусан тумандаги ҳар бир секторлардаги мавжуд оилавий шифокорлик пунктлари ва поликлиникаларда тиббиёт ходимлари ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини тарғиб қилиш, уларнинг тиббий маданиятини ошириш, юқумли касалликларга чалиниш ҳолатларини олдини олиш мақсадида мавзуга оид буклетлар, баннерлар, зарур ахборот, эслатмалар ва тарқатма материалларни тайёрлаш ва етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида ажратилган грант маблағлари ҳисобидан харид қилинган ҳамда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда фойдаланиладиган, умумий қиймати 22 047 000 сўмлик, 2 дона бўй ўлчагич, болаларда учрайдиган юқори нафас йўллари касалликларини даволаш учун 20 дона инголятор, 13 дона электрон рақамли вазн ўлчагич, 33 дона фонендоскоп-тонометр, 11 дона қандли диабет ўлчагич (глюкометр) каби тиббий буюм ва жихозлар оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар масъулларига топширилди.

Хамиджон Ахмедов, туман жамияти раиси.