“Фарғона” божхона пости собиқ бошлиғи 18 йилдан сўнг оқланди

“Фарғона” божхона пости бошлиғи лавозимида хизмат қилган собиқ божхона ходими А.Ашуров суд ҳукми билан оқланди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Маълумот берилишича, 2005 йилда у Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 208-моддаси (ҳокимият ҳаракатсизлиги), 209-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди (мансаб сохтакорлиги такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан айбдор деб топилиб, президентнинг 2004 йил 1 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги фармонига мувофиқ жазодан озод қилинган эди. 

Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 25 апрелдаги ажрими асосида жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди томонидан 2005 йил 4 апрелда қабул қилинган апелляция ажримининг А. Ашуровга оид қисми бекор қилиниб, жиноят ишининг шу қисми янгидан апелляция инстанциясида кўриш учун юборилди. Суд Қувасой шаҳар судининг 2005 йил 28 февралдаги ҳукмини бекор қилиб, А.Ашуровни айбсиз деб топди ва оқлади.

Давлат божхона қўмитасининг 2023 йил 8 ноябрдаги буйруғига биноан, божхона хизмати майори А.Ашуров божхона органлари тизимига ишга тикланди. Ўтган 18 йил муддат ҳам унинг умумий меҳнат стажига қўшиладиган бўлди.