Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига шаҳарнинг «Мустақиллик» кўчасида яшовчи фуқаро А. У. электр таъминоти корхонаси томонидан хонадонига асоссиз равишда 3 346 986 сўм қарздорлик чиқарилаётганлиги ҳолати юзасидан мурожаат қилди.
Мурожаатни ўрганиш давомида истеъмол кўрсаткичларини назоратини олиб бориш учун хонадонда эски русумдаги CО-5 электр ҳисоблагичдан фойдаланиб келинаётганлиги, ушбу ҳисоблагич кўрсаткичлари асосида олиб борилган қайта ҳисоб-китоб ишлари натижасида фуқаро истеъмол қилинган электр энергияси тўловларидан ҳисоблагич кўрсаткичининг 9206 кВт/соат ҳолатига 55 828 сўм қарздорлиги маълум бўлди.
Натижаларни шаҳар электр таъминоти корхонаси базаси маълумотлари билан солиштириш жараёнида, 01.06.2023 йил куни техник хатолик сабабли корхона электрон базасида маъсул ходим томонидан 4908 кВт/соат кўрсаткич нотўғри сана билан киритилиши оқибатида 3 346 986 сўм нореал қарздорлик вужудга келишига сабаб бўлганлиги маълум бўлди. Мазкур хатолик маъсуллар иштирокида далолатнома тузилиб, хатловдан ўтказиш йўли билан бартараф қилинди. Фуқарога электр энергияси истеъмол бўйича нореал қарздорлик бартараф қилинганлиги, унинг ҳақиқатда 55 828 сўм қарздорлиги мавжудлиги ва мазкур қарздорликни бартараф этиши лозимлиги тушунтирилди.