“Точка зрения” (“Нуқтаи назар”) газетаси таҳририяти “Медиа-патрул” лойиҳасининг 5 ойлик фаолияти давомида у вилоятнинг Фарғона, Марғилон ва Қувасой шаҳарлари, Бувайда, Олтиариқ, Риштон, Тошлоқ, Учкўприк, Фарғона ва Қува туманларига тарғибот тадбирлари билан ташриф буюрганлиги ҳамда юқоридаги ҳудудларда истиқомат қилувчи 368 нафар аҳоли вакиллари билан юзма-юз учрашувлар ўтказилганлиги тўғрисида хабарлар берган эдик. Лойиҳа жорий йилнинг май ойидан яна фаолиятини давом эттириб, Данғара тумани ҳамда Қўқон шаҳридаги айрим маҳалла, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа ташкилотларнинг ишчи-ходимлари билан учрашди.
Мавзунинг долзарблиги, лойиҳада уни аҳолининг кенг қатламларига етказишдаги ўзига хос ечимнинг мавжудлиги “Медиа-патрул” ташриф буюрган ҳудудлардаги аҳоли вакиллари томонидан тадбирларни қизиқиш билан кутиб олинишига сабаб бўлмоқда. Ёшу қари томонидан тадбир мавзуси доирасидаги маъруза ҳамда тарқатма материаллар ижобий баҳоланмоқда.
“Медиа-патрул” Данғара туманида тадбирлар ўтказди
Данғара тумани Фарғона вилоятининг кириш дарвозаси ҳисобланади. Камчиқ довонини ошиб вилоятимизга тушиб келаётган меҳмонлар ўз йўлларида дастлаб вилоятнинг Данғара тумани ҳудудини босиб ўтадилар. “Медиа-патрул” май ойида ушбу туман ҳудудида бўлиб, бу ерда ҳам тарғибот тадбирларини ўтказди.
Тумандаги 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари иштирокида ташкилланган тадбир ҳам, анъанага кўра, таҳририят томонидан аввалдан тайёрланган, медиасаводхонликни тарғиб қилувчи видеороликлардан айримларини намойиш қилиш билан бошланди. Иштирокчилар билан томоша қилинган видеороликлардан олинган таассуротлар муҳокамаси ўтказилиб, таҳририятнинг Youtube ижтимоий тармоғидаги расмий каналига жойланган 20 дан ортиқ шу мазмундаги роликларни кўриш, дўстларга ва яқинларга улашиш, улардан медисаводхонлик билимларини олишда ва тарғиб қилишда фойдаланиш бўйича тушунтириш ва тавсиялар бериб ўтилди.
Тадбирнинг иккинчи ярмида иштирокчиларга мавзу юзасидан барча маърузаларни ўз ичига олган ҳамда тарқатма материал сифатида босмадан чиқарилган “Саволлар олами” газетасининг алоҳида сони тарқатилиб, ундаги мавзулар юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди. Иштирокчиларнинг мавзуга оид саволларига жавоблар қайтарилиб, интернетдаги турли фирибгарликлар бўйича уларнинг ўз кундалик фаолиятлари давомида дуч келган мисоллари тингланди.
Ўқитувчилардан мазкур тадбирда олинган билимлардан ўз дарсларида фойдаланиш, уларни ўқувчиларга, шунингдек уларнинг ота-оналарига етказилишида амалий ёрдамларини кўрсатишлари сўралди.
— Бугунги тадбир жудаям ажойиб ўтди, чунки биз ўзимизга энг керакли, энг долзарб бўлган масалалардан бирини тушуниб олдик. Фикрим ижобий, ишларинга омад тилайман. Тадбир давомида ўзимизга энг керакли маълумотларни олдик, хусусан электрон тижоратни амалга оширишда, пул ўтказмаларида нималарга эътибор қаратиш керак, бу борада алданиб қолмаслик учун қандай ҳаракат қилиш керак, бу борадаги ҳуқуқларимизни ўрганиб олдим, — дейди 1-умумий ўрта таълим мактаби тасвирий санъат фани ўқитувчиси Султонова Каримахон.
— Бугун мактабимизда ташкилланган жудаям чиройли тадбирда ўз ҳоҳишим билан, қизиқиб иштирок этдим. Тадбирни жудаям самарали баҳоладим, анкеталардаям ўзимни бу борадаги фикрларимни билдирдим. Биз кекса авлодмиз, интернет технологияларидан фойдаланишда ҳозирги ёшларга қараганда жиндай оқсоқ томонларимиз бор. Ушбу тадбирда телефон ёки компьютер воситасида интернетдан фойдаланишда нималарга эътибор қаратиш керак, қандай маълумотлар тўғри, қандайлари эса нотўғри, маълумотларни қандай қилиб текшириш, ишонч ҳосил қилиш мумкин деган саволларимизга жавоблар олдик. Бугун кимдир қандайдир интернетдаги ўйинда ютқазиб қўйибди ёки кимдир кимнидир картасидан пул ечиб олипти, деган гаплар қулоғимизга чалиниб қоляпти. Мен бундан хулоса қиламанки, демак бугунги кунда халқимизда медиасаводхонлик етарли даражада эмас экан. Шуни билан биргаликда, мавзуга оид материалларни газетага босиб чиқариб, тарқатма материал сифатида берганликларингиз бизга жуда маъқул бўлди, — дейди шу мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Хожиқулова Мохирахон.
Видеороликларни кўриш давомида олинган таассуротлар юзасидан ўзаро фикр ва мулоҳазалар алмашилди. Уларни аҳолининг янада кенгроқ қатламларига етказиш борасидаги таклифлар тингланди.
Шундан сўнг “Медиа-патрул” лойиҳасидан кўзланган мақсад ва унинг вазифалари, медиасаводхонлик, фейк хабарлар, шахсий маълумотлар, интернетдан фойдаланишдаги хавфсизлик қоидалари, спам, фишинг, кибербуллинг, интернетда банк пластик карталаридан фойдаланишдаги эҳтиёткорлик чоралари, болалаларни интернетдаги зарарли таъсирлардан асраш каби мавзуларда тушунтиришлар бериб ўтилиб, тарқатма материаллар билан таъминланди.
— Тадбир доирасида интернетдан фойдаланишдаги эҳтиёткорлик, СМС ва интернет воситасидаги фирибгарликлар, бу борада фирибгарларга алданиб қолмаслик бўйича кенг тушунчалар олдик. Албатта, биз ушбу олинган билимлардан ота-оналар билан ишлаш жараёнида уларга бу борадаги тўғри тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боришда фойдаланамиз, — дейди мазкур таълим ташкилотининг яна бир тарбиячиси Сиддиқова Дилноза.
“Медиа-патрул”нинг жойларда ўтказилаётган тадбирларига Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ҳудуддаги масъул вакиллари ҳамроҳлик қилаётгани, тадбирларни ташкиллаш ва ўтказишда ўз амалий ёрдамларини бериб бораётганлиги ҳам эътиборлидир. Данғара туманида ўтказилган тадбирда ҳам Федерациянинг Данғара туман жамияти ходимлари яқиндан ҳамкорлик қилдилар.
— “Медиа-патрул” билан ҳамкорликда туманимиздаги ташкилотларда тадбирлар ўтказдик. Ўйлайманки, ушбу тадбирлар аҳоли учун, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради. Бу тадбирларда бериб борилаётган тушунчалар натижасида аҳоли вакилларининг медиасаводхонлиги оширилиши, уларни турли интернет фирибгарликлардан огоҳ қилиниши ортидан, бугунги кунда дунёда кенг ривожланиб бораётган электрон тижорат соҳасида уларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ишларимизда ҳам бу ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади, — дейди Данғара туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳисоя қилиш жамияти мутахассиси Шамсиддин Бўстонов.
“Медиа-патрул” ўз тадбирлари билан бугунги кунда туризм пойтахтларидан бирига айланиб бораётган Қўқон шаҳрида ҳам бўлди
Кўҳна ва навқирон шаҳар Марказий Осиёнинг марказида жойлашган, жаҳон ҳунармандлари шаҳри мақомига эга. Бу ерда туризм ҳам тез ривожланмоқда. Қўқон Фарғона водийсининг йирик шаҳарларидан бири бўлиб, у қадимдан илм-фан, маданият ҳамда ҳунармандчилик маркази ҳисобланган. Бу жойга йилдан-йилга туристлар оқимининг ортиб бориши эса аҳоли вакилларида меҳмондўстлик, бағрикенглик каби ижобий ҳислатлар янада кенг қулоч ёйиши баробарида, уларда медиасаводхонлик бўйича билим асосларидан хабардор бўлишни ҳам талаб қилади.
Қўқон шаҳридаги 2-вилоят руҳий хасталиклар шифохонасида ишловчи шифокорлар нафақат шаҳар, балки вилоятнинг Қўқон ҳудуди деб номланувчи бир неча туманлари аҳолисига тиббий хизматларни кўрсатиб келадилар. “Медиа-патрул” ушбу шифохона шифкорлари билан учрашар экан, улар билан кун тартибидаги мавзунинг долзарблиги, улар истеъмолчи сифатида кундалик турмуш жараёнида ҳар куни ҳар соатда интернетдан, мобил қурилмалардан фойдаланишлари, бугунги кунда давлат хизматларини кўрсатиш ҳам кенг миқёсда рақамлаштирилаётганлиги, бу эса одамдан медиасаводхонлик бўйича билимларга эга бўлишни талаб қилиши борасида фикр ва мулоҳазалар алмашилди. Таҳририятнинг медиасаводхонлик бўйича виедороликлардан айримлари намойиш қилиб берилиб, кўрилган роликларда кўтарилган масалалар юзасидан муҳокамалар ўтказилди.
Иштирокчиларга интернетдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига амал қилишнинг аҳамияти, интернет тармоғида содир бўлган фирибгарлик ҳолатлари мисоллар тарзида тушунтириб ўтилди. Улардан кундалик ҳаётда ўзлари ёки танишларини бундай ҳолатларга дуч келган ёки келмаганликлари бўйича савол-жавоблар ўтказилди. Тадбир давомида мавзунинг долзарблиги, кибержиноятларнинг ҳар бир инсонга, оилага, бутун жамиятга кўрсатадиган салбий таъсири, етказадиган моддий ва маънавий зарарларидан келиб чиққан ҳолда, бу каби иллатларга қарши курашишда ҳар бир фуқаронинг ўрни борасида ҳам фикрлар билдириб ўтилди.
— Бугунги тадбир жудаям қизиқарли ўтди. Кўплаб янги билимлар олдик. Сир эмас, бугунги интернет кенг оммалашган даврда айрим ишонувчан одамларимиз турли интернет фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолмоқда. Бугунги тадбирдан ҳар қандай ахборотга ҳам ишониб кетавермаслик, фейк хабарлар, ахборотларни текшириш усуллари, расмий манбалар билан ишлаш каби масалаларда атрофлича тушунчалар олдим, — дейди шифохона шифокори Илхомов Улуғбек.
— Албатта, ушбу кундаги тадбиримиздан шундай хулосага келдимки, ҳозирги интернет коммуникация технологиялари кенг ривожланган даврда кўришимиз лозим бўлган эҳтиёткорлик чоралари, ёлғон хабарларга алданиб қолмаслик, интернет фирибгарликлари масалаларида кенг тушунча ва билимларга эга бўлишимиз керак экан. Биз бугунги олинган билимларни яқинларимизга, оила аъзоларимизга, шунингдек бугунги тадбирда қатнаша олмаган ҳамкасбларимизга ҳам етказишга ҳаракат қиламиз, — дейди шу шифохонанинг яна бир шифокори Хазратқулов Ойбек.
Шунингдек, шифокорларнинг берган саволлари ҳамда мавзуга билдирган қизиқишларига жавобан “Нуқтаи назар” газетаси бош редактори ҳамда фактчекерлар жамоаси аъзоси Тимур Юлдашев алоҳида жавоб қайтариб ўтди. Таъкидландики, Ўзбекистонда фактчекинг бўйича алоҳида сайт фаолиятини бошлади. Ушбу сайт factchecknet.uz номи остида ишга туширилган. Фактчекерлар жамоаси интернетдаги сайтлар ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ахборотларни текшириб бориш, аҳолига дезинформациясиз, сифатли медиа тарқатилиши учун курашиш каби мақсадларни ўз олдига қўйган.
Қўқон шаҳридаги яна бир манзил 28-мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Ташкилот ходимлари билан учрашув очиқ осмон остида ташкилланди. Тадбир аввалида таҳририятнинг медиасаводхонлик йўналишида тайёрланган видеороликлардан бир нечаси намойиш қилинди.
Намойиш қилинган роликларда кўтарилган мавзулар юзасидан қисқа фикр ва мулоҳазалар алмашуви ўтказилди. Шунингдек, мазкур видеороликларни таҳририятнинг Youtubeдаги расмий каналидан топиш ва кўриш бўйича йўл-йўриқ ва тушунтиришлар берилди.
Тадбир доирасида ташкилот ходимларига тарқатма материаллар берилиб, лойиҳа доирасидаги мавзулар: медиасводхонлик ва унинг аҳамияти, мобил алоқа ва интернет воситасида амалга ошириладиган фирибгарликлар, спам, фишинг, СМС ва банк пластик карточкалари воситасидаги қаллобликлар, кибер товламачилик, кибербуллинг, улардан ҳимояланиш, болаларни интернетнинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилиш қилиш масалаларида тушунтиришлар бериб ўтилди. Тадбир ниҳоясида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.
— Бугунги кунда сизлар томонингиздан амалга оширилаётган лойиҳа жуда керак. Чунки халқимиз вакиллари орасида интернет фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолаётган, бундан моддий ва маънавий зиён кўраётганлар ҳам оз эмас. Лойиҳангиз жудаям муҳим мавзуда экан, биз тарғибот ишларинга омад тилаймиз. Шуни қўшимча қилмоқчиманки, мен ҳам ҳаётимда бундай ҳолатга ўзим дуч келдим. Шунинг учун ҳам бундай салбий иллатларга бутунлай чек қўйиш тарафдориман, – дейди мазкур мактабгача таълим ташкилоти тарбияси Убайдуллаева Лазизахон.
“Медиа-патрул”нинг май ойидаги тадбирлари билан Фарғона вилоятининг Данғара тумани ҳамда Қўқон шаҳридаги 84 нафар аҳоли вакиллари қамраб олинди. Жинс таркиби бўйича иштирокчиларнинг: 71 тасини аёллар, 13 тасини эркаклар; ёш таркиби бўйича эса: 28 тасини ёшлар, 56 тасини ўрта ёшдагилар ташкил қилди. Тадбир иштирокчиларнинг жинс ва ёш таркиби бўйича инфографика билан қуйида танишинг:
“Медиа-патрул” ҳозирда июнь ойида вилоятнинг бошқа ҳудудларида медиасаводхонлик тадбирларини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу тадбирлар ўтказилиши натижалари юзасидан эса сизларга яна хабарлар бериб борамиз. Барчаларингизни медиасаводхон бўлишга чақириб қоламиз!