ИМТИЁЗ ҲАМ БЕРИЛДИ, МАСЪУЛИЯТ ҲАМ ОШИРИЛДИ

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши ҳар бир давлат хизматчисининг келгуси иш фаолиятида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Унга кўра, давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий маданияти, хизмат фаолияти давомида ҳамда хизматдан ташқари вақтда одоб-ахлоқи, ташқи кўриниши ва кийиниш услубининг ўзига хос тартиби белгиланди.

Намунавий қоидаларни белгилайдиган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг бундай қоидалари тасдиқлангани ушбу йўналишдаги ишлар кўламини сифат жиҳатдан янада яхшилаш имконини беради.

Қонун 10 та боб ва 64 та моддадан иборат бўлиб, мамлакатимизда ижро ҳокимияти вазифаларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солади.

Ушбу қонунни ишлаб чиқишда халқаро тажрибалар ўрганилди, илғор хорижий давлатлардаги амалиётнинг энг маъқул жиҳатлари миллий қонунчилик меъёрлари билан ўзаро уйғунлаштирилди.

Давлат органларида фуқаролик хизматини ўташ тартиби, ушбу соҳадаги давлат бошқаруви, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми белгиланди. Ўз навбатида, 40 соатдан ошмайдиган иш давомийлиги белгиланиб, уларга “хайфсан”, “жарима” ва ишдан бўшатиш билан бир қаторда малака даражаси ва лавозимини пасайтириш каби интизомий жазолар ҳам жорий қилинди.

Давлат хизматчиларига 27 кундан кам бўлмаган йиллик асосий таътил берилади. Давлат фуқаролик хизматчиларига “сиёсий”, “бошқарув” ва “ёрдамчи” малака даражалари белгиланди.

Эндиликда юристлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва мудофаа органларидаги ходимларнинг махсус унвонлари каби фуқаролик хизматчилари ҳам махсус мартабалар, яъни малака даражаларига эга бўлади. Қонунга асосан коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.

Тўланбой БЕКНАЗАРОВ, Марғилон шаҳар, Пичоқчи МФЙ ҳоким ёрдамчиси