Хусусий мулк ҳуқуқига нисбатан чекловлар бекор қилинди

Сир эмас мамлакат ёки жамият иқтисодиётининг негизини  мулкчилик ташкил қилади. Давлат ва жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тузилиши ҳам мулк билан, мулкларнинг кимга тегишли эканлиги билан белгиланади.

Мамлакатимизда сўнг йилларда мулкий ҳуқуқларни ноқонуний тажовузлардан ҳимоя қилиш, хусусий мулкчиликни янада ривожлантириш, мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган давлат раҳбари ва ҳукуматининг 300 дан ортиқ ҳужжатлари қабул қилинди. Давлатимиз раҳбари тадбиркорликка давлат томонидан аралашувларга барҳам бериш, уларни эркин фаолият олиб боришига шароит яратиш, хусусий мулкнинг дахлсизлиги таъминлаш масаласига устивор вазифаси сифатида қарайди.

Бу борада ҳар йилнинг август ойида давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиши анъанага айланиб улгурди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 август куни ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини яратиш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш масаласи кун тартибининг асосий масаласи этиб белгиланди.

Очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун Республика Президенти томонидан 2022 йил 24 августда “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-198-сонли қабул қилинди.

Фармонга кўра, хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи қандай тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинмоқда. Келинг, шу ҳақда сўз юритсак.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) ер участкаларига бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш соҳасида:

ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш;

ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда унга бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишини Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан расмийлаштириш;

юридик шахс тугатилиши муносабати билан унинг ер участкасига (қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари) бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш;

ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлат мулкидаги бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш тартиби бекор қилинди.

б) турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш соҳасида:

турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш,

суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш;

в) жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган бино ва иншоотлар, транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасида

мулкий ҳуқуқларнинг вужудга келиши учун асос бўлган маъмурий ҳужжатларни ушбу ҳужжатни қабул қилган ёки юқори турувчи маъмурий орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ҳуқуқларни тугатиш;

г) корпоратив муносабатлар соҳасида:

давлат органлари томонидан давлат иштирокидаги корхоналар мол-мулкини тасарруф этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки бошқа кўринишдаги маъмурий ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти;

юридик шахсларнинг устав фондидаги (капиталидаги) гаровга қўйилган улушларни (қўшилган ҳиссаларни) гаровга олувчининг розилигисиз тасарруф этиш амалиёти бекор қилинди.

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан бошлаб Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (UZKAD) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ҳамда кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар юритиладиган, маълумотларининг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими этиб белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу тадбирлар орқали мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш – демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир.

С.ШОКИРОВ, Фарғона туманлараро маъмурий суди судьяси