Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Фарғона вилоятидаги ҳудудий ташкилотларида ходимларнинг мамкакатимизда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича ҳуқуқий билимларини ошириб бориш мақсадида тизимли асосда маърифат соатлари ўтказиб борилмоқда. Тадбирларни талаб даражасида ўтказилишини таъминлаш мақсадида уларга кун тартибига киритилган масалага дахлдор ташкилот ва идораларнинг мутахассислари таклиф қилинмоқда.
Навбатдаги маърифат соати Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 18 январдаги 746-сон Қонуни билан амалдаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга бағишланди. Тадбирда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси Ахборот хизмати раҳбари Ғайрат Маматқулов иштирок этди ва кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.
Таъкидландики, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 221-I-сон қонуни 1996 йил 26 апрелда қабул қилиниб, ўша йили 17 майдан кучга кирган. Қонун 30 та моддадан иборат. Қонунга 15 маротаба турли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлса, шуларнинг 7 таси 2016-2022 йилларга тўғри келади.
Ўзбекистон Республикасининг 746-сон қонуни билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар 12 та бандни ташкил қилиб, шу бандлардан 7 таси (3,4,5,7,8,9,10,12-бандлари) қонун расман эълон қилингандан сўнг кучга кирган, 4 таси эса (1,2,6,11-бандлари) қонун расман эълон қилинган кундан бошлаб 3 ой ўтгач кучга киради.
Киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар натижасида Қонуннинг 11 та моддасидаги айрим нормалар ўзгартирилган бўлса, айримлари эса янгитдан қўшилган, қўшимча битта янги 28-1-модда киритилган.
Шу кунги маърифат соати доирасида «Точка зрения-Нуқтаи назар» газетаси бош муҳаррири, «Nuqtainazar.uz» веб-сайти асосчиси Тимур Юлдашевнинг «Медасаводхонлик — давр талаби» мавзусидаги маърузаси ҳам тингланди. Маърузанинг ҳаётий мисоллар билан узвий боғланган ҳолда ўқилганлиги тадбир иштирокчиларига мавзуни осонроқ ўзлаштиришлари учун замин яратди.