Олис ҳудудларни ичимлик суви билан таъминлаш ижтимоий буюртма лойиҳаси доирасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 сентябрдаги “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳаадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6074-сон Фармони билан сув таъминоти ва оқова сув хизматларини кўрсатиш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, соҳада шаффофлик ҳамда хусусий секторнинг иштирокини таъминлаш, «Ўзсувтаъминот» АЖ ва сув таъминоти ташкилотларининг молиявий барқарорлигини ошириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсадларни амалга ошириш мақсадида бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, Фармоннинг:
4-банди билан туман ва шаҳарларнинг ичимлик суви таъминоти тизимларини тадбиркорлик субъектларига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида топшириш тўғрисидаги таклифлар маъқулланди.
6-бандида эса, тадбиркорлик субъектларига насос ва сувни чучуклаштирувчи ускуналарни харид қилиш учун. Миллий ва хорижий валютада ажратиладиган кредитларни қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қуватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан муайян компенсациялар тўланиши белгилаб қўйилди.
8-бандида ҳар йили аҳоли сони жами 15 мингдан кам бўлмаган, марказлашган ичимлик суви таъминоти етиб бормаган қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат ижтимоий буюртмаларини бериш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан электрон оммавий ахборот воситаларида танловлар эълон қилиши бўйича вазифа белгилаб берилди. Давлат ижтимоий буюртмалари доирасида 2021 йилда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилди.
Фармон билан белгилаб берилган вазифалар ҳамда имкониятлардан фойдаланган ҳолда, “Тараққиёт” нодавлат нотижорат ташкилоти Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг 5 та туманларидаги 6 та олис ҳудудларни ичимлик суви билан таъминлаш ижтимоий буюртма лойиҳаси доирасида ишларни бошлаб юборди.
Ушбу ҳудудлар:
– Андижон вилояти Балиқчи тумани “Янгиҳаёт” ҳамда “Маллачек” маҳалла фуқаролар йиғинлари;
– Наманган вилояти Поп туманидаги “Найман” ҳамда Учқўрғон туманидаги “Халфатўпи” маҳалла фуқаролар йиғинлари;
Фарғона вилояти Қува туманидаги “Султонобод” ҳамда “Қўштепа туманидаги “Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғинларидир.
“Тараққиёт” ННТ вакиллари дастлаб, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги вакиллари билан биргаликда, ушбу ҳудудларда лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий жараёнларни амалга оширдилар. Хусусан, мазкур аҳоли яшаш пунктларида маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ва Ташаббускор гуруҳ аъзолари иштирокида умумий йиғилишлар ўтказилди. Умумий йиғилишларда Бошқарув Органи, Тафтиш қўмитаси ҳамда Ижроия кўмита аъзолари бир овоздан сайланди ва йиғилиш баённомаси билан тасдиқланди. Шундан сўнг лойиҳани амалга оширишга киришилди.
Давлатимиз раҳбарининг ПФ-6074-сон Фармони 3-иловасида “2021-2025 йилларга мўлжалланган туман марказлари кесимида ичимлик суви таъминоти тизимларини комплекс ривожлантириш дастурининг йиғма параметрлари” тўғрисидаги статистик маълумотлар келтирилган бўлиб, “Тараққиёт” ННТ томонидан танлаб олинган туманлардаги жорий ҳолат қуйидагичадир.
Жорий йилнинг 18 февраль куни ҳолатига олис ҳудудларни ичимлик суви билан таъминлаш ижтимоий буюртма лойиҳаси доирасида қуйидаги ишлар бажарилди.
Балиқчи тумани “Янгиҳаёт” МФЙ бўйича:
Ушбу ҳудуддаги 515 та хонадонда жами 3200 нафар аҳоли истиқомат қилади. Лойиҳа бўйича аҳолининг ўсиши прогноз кўрсаткичлари (15 йилга) 4703 тани ташкил қилади. Ушбу ҳудуддаги ичимлик суви объектига пудрат ташкилоти сифатида «Saxovat unumi» МЧЖ бириктирилган.
Лойиҳага кўра, мавжуд ичимлик суви қудуғини таъмирлаш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирда бу борадаги ишлар тўлиқ бажарилган. Санитар ҳимоя ҳудуд атрофи темир сеткалар билан ўралиб, насос хонаси ва хлоратор хонаси фундамент ва каркаслари тайёрланди. Сув минораси фундамент бетон қисми, каркас қисми ва сув идиши тайёрланди, олиб келиниб монтаж қилиниши кутилмоқда. Лойиҳа бўйича 13,8 км ичимлик суви тармоғини тортиш режалаштирилган.
Балиқчи тумани “Маллачек” МФЙ бўйича:
Ҳудудда 572 та хонадон мавжуд бўлиб, 2850 нафар аҳоли истиқомат қилади. Лойиҳа бўйича аҳолининг ўсиши прогноз кўрсаткичлари (15 йилга) 4188 тани ташкил қилмоқда. Ушбу ҳудуддаги ичимлик суви объектига пудрат ташкилоти сифатида «Бунёдкор транс сервис» МЧЖ бириктирилган.
Лойиҳага кўра, 1 дона ичимлик суви қудуғини қазиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда бу ишлар тўлиқ бажарилган. Санитар ҳимоя ҳудуд атрофи темир сеткалар билан ўралди, насос хонаси ва хлоратор хонаси фундаменти тайёрланмоқда. Сув минораси каркас қисми таъмирланди, сув идиши ўрнатилди, олиб келиб монтаж қилиниши кутилмоқда. Лойиҳа бўйича 18,15 км ичимлик суви тармоғини тортиш кўзда тутилган.
Поп тумани “Найман” МФЙ бўйича:
Маҳалла фуқаролар йиғинидаги мавжуд 640 та хонадонда жами 3300 нафар аҳоли яшайди. Лойиҳа бўйича аҳолининг ўсиши прогноз кўрсаткичлари (15 йилга) 4676 тани ташкил қилади. Ушбу ҳудуддаги ичимлик суви объектига пудрат ташкилоти сифатида «Namangan maxsus ihshoot qurilish» МЧЖ бириктирилган.
Лойиҳага кўра, 2 та ичимлик суви қудуғини қазиш ишлари режалаштирилган бўлиб, ҳозирда шулардан биттаси бўйича ишлар тўлиқ бажарилди. 2 та мавжуд санитар ҳимоя ҳудудлари темир сеткалар билан ўралди, насос хоналари фундаменти қуйилди, каркас қисми тайёрланди. 2 дона h-15 м каркас таъмирланди, 1 дона V-25 м3 янги сув идиши ўрнатилди. Мазкур лойиҳага кўра 32 км ичимлик суви тармоғи тортилади.
Учқўрғон тумани “Халфатўпи” МФЙ бўйича:
Ушбу маҳалла фуқаролар йиғинида 486 та хонадонлар мавжуд бўлиб, уларда жами 2700 нафар аҳоли истиқомат қилади. Лойиҳа бўйича аҳолининг ўсиши прогноз кўрсаткичлари (15 йилга) 3900 тани ташкил қилади. Ушбу ҳудуддаги ичимлик суви объектига пудрат ташкилоти сифатида «Муродил вақт инвест» МЧЖ бириктирилган.
Лойиҳада мазкур ҳудудга ичимлик суви қудуғини қазиш режалаштирилган эди. Ҳозирда қудуқ қазилиб бўлиниб, обсадка қувур туширилди ва цемент билан тампонаж қилинди. Санитар ҳимоя ҳудуди темир сеткалар билан ўралмоқда. Бундан ташқари ушбу ҳудудда 1 дона янги каркас кисми h-18 м, 1 дона V-25 м3 янги сув идиши ўрнатиш ҳамда 14,6 км ичимлик суви тармоғи тортилиши режалаштирилган.
Қува тумани “Султонобод” МФЙ бўйича:
“Султонобод” МФЙ ҳудудида 600 та хонадонлар мавжуд. Уларда 3000 нафар аҳоли яшайди. Лойиҳа бўйича аҳолининг ўсиши прогноз кўрсаткичлари (15 йилга) 4244 тани ташкил қилмоқда. Ушбу ҳудуддаги ичимлик суви объектига пудрат ташкилоти сифатида «Obi hayot qurilish injiniring» МЧЖ бириктирилган.
Лойиҳага кўра, мазкур ҳудудга ичимлик суви қудуғини қазиш режалаштирилган эди. Ҳозирда қудуқ қазилиб бўлиниб, обсадка қувур тушурилиб, цемент билан тампонаж қилинди. 1 та мавжуд ва янги санитар ҳимоя ҳудудлари темир сеткалар билан ўралмоқда. Мавжуд сув минораси таъмирланди ва 1 дона h-18 м янги сув минораси қурилиб, 1 дона V-25 м3 сув идиши ўрнатиш учун олиб келинган. Ҳудудга 18 км ичимлик суви тармоғи тортилади.
Қўштепа тумани “Оқтепа” МФЙ бўйича:
Ушбу ҳудуддаги 914 та хонадонда жами 5006 нафар аҳоли истиқомат қилади. Лойиҳа бўйича аҳолининг ўсиши прогноз кўрсаткичлари (15 йилга) 7476 тани ташкил қилмоқда. Ушбу ҳудуддаги ичимлик суви объектига пудрат ташкилоти сифатида «Бунёд бўстон» МЧЖ бириктирилган.
Лойиҳага кўра, 1 дона мавжуд ичимлик суви қудуғини таъмирлаш ва 1 дона янгисини қуриш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда мавжуд сув қудуғи таъмирланди ва янги сув қудуғи қазилиб, унда откачка ишлари олиб борилмоқда. Мавжуд ва янги қурилган сув қудуқлари санитар ҳимоя ҳудудлари темир сеткалар билан ўралмоқда. 1 дона h-18 м каркас янги тайёрланиб, фундаменти қуйилди ва монтаж қилишга тайёр ҳолатга келтирилди. Бу ҳудудда 2 дона V-25 м3 янги сув идишларини ўрнатиш режалаштирилмоқда. Лойиҳага асосан 27 км ичимлик суви тармоғи тортилади.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, “Тараққиёт” ННТ томонидан лойиҳани амалга оширилиши билан юқорида номлари зикр этиб ўтилган ҳудудларда истиқомат қилувчи жами 20 056 нафар аҳоли марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланади ва келгусида ушбу ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли сонининг ўсиши натижасида уларнинг сафига қўшиладиган 9 131 нафар аҳолининг ҳам марказлашган тоза ичимлик сувига бўлган талаби қондирилиши кафолатланади.
Лойиҳани амалга оширилиши билан кутилаётган натижаларни эса қуйидаги инфографикадан кўриш мумкин:
Бугунги кунда “Тараққиёт” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан олис ҳудудларни ичимлик суви билан таъминлаш ижтимоий буюртма лойиҳаси доирасидаги барча ишларни ўз муддатларида ниҳоясига етказиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.