Фарғона вилоятида 30 нафар талабага ўқишини Қирғизистондан Ўзбекистонга кўчириб беришга ваъда қилган тўрт нафар фуқаро қўлга олинди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Таъкидланишича, фуқаролар Ш. И., М.А., Ж.О. ва Н.У. фуқаро М.дан Қирғизистондаги Ўш давлат университетида таҳсил олаётган 30 нафар талабанинг ўқишини Ўзбекистон олий таълим муассасаларига кўчириб беришга ваъда берган.
Улар ўз хизматлари эвазига 67 минг долларни олган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.