Марғилон шаҳрида фаолият олиб бораётган 30-сонли мактабгача таълим ташкилотида 2020 йилда қурилиш ташкилоти томонидан қурилиш реконструкция ишлари бажарилган бўлиб, 2021 йил 18 январ кунидан таълим муассасаси ўз иш фаолиятини янгидан бошлайди. Шартномада таъмирланган бинолар мактабгача таълим ташкилотига бир йил синов муддати билан топширилган бўлиб, амалга оширилган ишларда камчилик ёки муаммолар юзага келса қурилиш ташкилоти томонидан бартараф қилиб берилиши шартлашилган.
Афсуски, шартлашилган муддат ўтмасидан, камчилик ва муаммолар аста-секин бўй кўрсата бошлайди. Сув насоси куйганлиги сабабидан ташкилотнинг иккинчи қаватига сув чиқмай қолиб, иккинчи қаватдаги хоналарда ичимлик сувида муаммо юзага келади. Ошхона чироқлари ҳам узоққа бормай куйиб қолган, бу эса муассасада тарбияланаётган болаларнинг нонуштасига бир кун аввал маҳсулотларни тайёрлаб қўйишда муаммо келтириб чиқарган. Гуруҳларда санузел жихозлари яхши ишламай қолган, 2 та гуруҳнинг Аристон сув иситгичи ҳам куйиб қолган. Ундан ташқари ошхонанинг ҳаво сўргичи (вентилацияси) ишлари охирига етказилмаган. Электр тармоқларидаги ва сантехника ишлари ҳам якунига етказилмай чала қолиб кетган.
Мактабгача таълим ташкилоти раҳбари бир неча маротаба қурилиш ташкилотига мурожаат билан чиқишига қарамай юқоридаги камчиликларни бартараф қилиш ишларини маъсуллар ортга суриб келаверган. Қилган мурожаатларидан кутилган самара бўлавермагач, ташкилот раҳбари Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппаратига амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилади.
Юзага келган ҳолат шаҳар жамияти мутахассислари томонидан тегишли тартибда ўрганиб чиқилди. Ишни бажарган ташкилот раҳбарлари билан учрашилиб, юқорида санаб ўтилган камчиликларни, шартнома шартларига кўра, ўз вақтида сифатли бартараф қилиб бериш зарурлиги, мабодо камчиликлар ўз вақтида, шартнома шартларида белгиланган тартибда бартараф қилинмаса, таълим ташкилоти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки судга ўзи ёки шаҳар жамияти каби ишончли вакиллари амалий кўмагида мурожаат қилиши тушунтирилди. Шундан сўнг қурилиш ташкилоти масъуллари барча айтиб ўтилган камчиликларни амалдаги қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда бартараф қилиб беришга ваъда бериб, белгиланган муддат ичида муаммони тўлиғича бартараф этдилар.