Янги автомобил харид қилган истеъмолчи ундан, аввало, сифатли ва техник жиҳатдан соз ҳолда фойдаланишни кутади.
Бироқ Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро Н.П. 2026 йил 3 сентябр куни кредит шартларида 344 миллион 900 минг сўмга харид қилган CHERY 7 Pro Premium русумли автомобилида қисқа вақт ичида турли техник муаммолар кузатилгани сабабли истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди.
Мурожаатда автомобил ҳаракатланаётганда тебраниш ва силкинишлар кузатилгани, шунингдек, тормоз тизими билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги билдирилган. Истеъмолчи автомобиль билан бир неча бор сервис хизматига мурожаат қилган бўлса-да, муаммо тўлиқ бартараф этилмаганидан норози бўлган. Шу муносабат билан Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ҳолат ўрганилиб, расмий дилерга тегишли мурожаат йўлланди.
Масала жамият мутахассислари, истеъмолчи ва автосалон вакиллари иштирокида ўрганилди. Автомобил расмий сервис марказида диагностикадан ўтказилди. Текширув натижасида аниқланган нуқсонлар кафолат шартлари асосида истеъмолчидан ҳеч қандай қўшимча ҳақ ундирилмаган ҳолда бепул бартараф этилди. Шу тариқа фуқаронинг автомобил сифати ва кафолат хизмати билан боғлиқ мурожаати амалий ечимини топди.
Мазкур ҳолат қимматбаҳо техника ва автомобиль харид қилаётган истеъмолчилар учун муҳим сабоқ бўла олади. Янги товарда нуқсон аниқланса, истеъмолчи муаммони эътиборсиз қолдирмаслиги, сотувчи ёки расмий сервис марказига мурожаат қилиши ва мурожаатини тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаб бориши мақсадга мувофиқ. Айниқса, шартнома, кафолат талони, сервис марказига мурожаатлар ва диагностика натижалари кейинчалик истеъмолчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим далил бўлиши мумкин.
Мансуржон Тошканов, Фарғона шаҳар жамияти мутахассиси.