ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИ: халқаро даражада эътироф этилмоқда

Халқимиз минг йиллар давомида шаклланган, миллий ўзлигимизни белгиловчи маънавий қадриятларга эга. Ўзбек халқининг тарихи, маданияти ва кундалик ҳаёти ислом динининг инсонпарварлик ғоялари билан чамбарчас боғлиқ.

Сўнгги йилларда ушбу меросни асраб-авайлаш ва ёш авлодга етказиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Жумладан, давлат даражасида миллий ва диний қадриятларни тиклаш бўйича салмоқли ишлар қилинди, кўплаб илмий марказлар ташкил этиш орқали бой маънавий меросни ўрганишга катта эътибор қаратилди.

Тошкент шаҳрида Ислом цивилизация маркази очилиши эса ушбу ислоҳотларнинг яна бир узвий давоми бўлди.

Хусусан, 2026 йилнинг 17 март куни, муқаддас Рамазон ойи ва ҳайити арафасида Тошкентнинг машҳур Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 10 гектар майдонда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази фойдаланишга топширилди. Марказни Давлат раҳбари очиб берди.

Ислом цивилизацияси марказининг нафақат минтақа, балки бутун мусулмон олами ва башарият тамаддунидаги беқиёс ўрни халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътирофга сазовор бўлди. Ундаги ноёб экспонатларнинг маънавий салмоғи ва илмий аҳамияти дунёнинг нуфузли экспертлари ҳамда етакчи оммавий ахборот воситалари нигоҳида маърифат ва эзгулик тимсоли сифатида гавдаланди.

Жумладан, Ислом цивилизицияси маркази БМТ, ЮНЕСКО ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан алоҳида эътироф этилди, “Гиннесснинг рекордлар китоби”га киритилди ва у “Ислом оламидаги энг катта музей” дея тан олинди. Шунингдек, 2026 йил учун дунёнинг энг гўзал музейлари “Prix Versal”рўйхатидан ҳам ўрин олди.

Шу билан бирга, марказ Франциянинг “Avitsenna” мукофотига сазовор бўлди, АҚШнинг “Smitson” институти томонидан 2026 йилнинг энг кутилган 10 та музей очилиши рўйхатига киритилди, “Condé Nast Traveler” уни 2026 йил июнь ойида ташриф буюриладиган ҳамда “BBC Travel” дунёдаги энг кутилган музейлар қаторига киритди, “Россия ва Евросиё” бўйича америкалик мутахассис, Марказий Осиё-Кавказ институти асосчиси ва раиси Фредерик Старр Марказни Марказий Осиёнинг олтин даври ва бугунги кунни боғловчи “интеллектуал кўприк” деб атади.

“BBC” Марказни кўп қиррали институт сифатида баҳолаб, уни музейдан кўра кўпроқ мамлакатнинг илм-фан, маданият, дин ва бошқа соҳалардаги ривожланиш жараёнларини намойиш этиши, “euronews” мажмуа қўлёзмалар, тадқиқот иншоотлари ва интерактив кўргазмаларни бирлаштириб, таълим, технология ва халқаро ҳамкорлик орқали ислом дини бой меросига жамоатчилик эътиборини кўпроқ тортишини билдирди.

Шунингдек, “Diplomatic Watch” журнали Ислом цивилизацияси маркази халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган мегалойиҳа экани, “eurasianstar” манбаси Марказ президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилгани ва у ислом цивилизациясининг бой интеллектуал ва маънавий меросини тақдим этиши, Ўзбекистоннинг бу жараёндаги асосий ролига бағишланган йирик илмий ва таълим платформасини шакллантиргани, мажмуа мамлакатнинг тарихий мерос, таълим ва халқаро мулоқотга содиқлигини акс эттирувчи етакчи маданий ташаббус сифатида ривожланганини таъкидлади.

Бундан ташқари, “Eurasian Star” Марказ ўзининг улуғворлиги ва кўлами билан тарих, маданият ва ислом цивилизациясини ўрганиш ҳамда оммалаштириш бўйича дунёдаги энг йирик мажмуалардан бири экани, муқаддас Қуръон зали марказнинг маънавий маркази ҳисобланиши, ундан турли сулолалар ҳукмронлиги даврида яратилган 114 та ноёб Қуръон қўлёзмалари ўрин олганини қайд этди.

“Caspian Post” маҳаллий ва халқаро тажрибани бирлаштирган миллий услубдаги катта меъморий ансамбль яратилгани, у минтақанинг исломдан олдинги давридан ҳозирги замонгача бўлган ривожланиш, жумладан, “Уйғониш” даври ва Янги Ўзбекистоннинг юксалишини қамраб олувчи кенг қамровли кўргазмани тақдим этганини эътироф этди.

Шу билан бирга, нафақат араб дунёси, балки дунёда юқори нуфузга эга бўлган “Arab News” мажмуа минтақа тарихини исломдан олдинги даврдан замонавий Ўзбекистонгача бўлган даврга оид экспонатларга эгалиги, жумладан, дунёдаги энг қадимги нусхалардан бири, марказнинг энг қимматбаҳо “тоши” ва энг ҳурматга сазовор тарихий хазинаси бўлган Усмон Қуръонини ўз ичига олган Қуръон зали асосий диққатга сазовор жой ҳисобланишини маълум қилди.

Жаҳон ҳамжамияти бу лойиҳани радикализмга қарши интеллектуал ва маданий курашнинг энг самарали модели сифатида юқори баҳолагани, уни шунчаки музей эмас, балки инсониятнинг умумий меросини сақловчи ва уни келажак авлодларга янгича талқинда етказувчи глобал маърифат маёғи сифатида кўраётганидан далолат беради.

Англиянинг Оксфорд университети Ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳан Низомий таъкидлаганидек, Марказ Марказий Осиё ва ундан ташқаридаги тарихий алоқаларни ёритиб беради, олимлар, савдогарлар ва диний тармоқларнинг Ислом цивилизациясига қандай ҳисса қўшгани ва Европа таълимига қандай таъсир этганини кўрсатади.

Аҳмаджон ОРИПОВ, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.