Электросамокатлар учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилмайди

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ижтимоий тармоқларда электросамокат ва шунга ўхшаш транспорт воситаларини бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилиши ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан изоҳ берди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 мартдаги қарорига кўра, мопед, скутер ҳамда техник кўрсаткичлари белгиланган кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларини бошқариш учун А1 тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади. Бироқ мазкур қарорда индивидуал ҳаракатланиш воситалари бундан мустасно экани алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, двигатель ёрдамида ҳаракатланадиган, бир ёки бир нечта ғилдиракка эга бўлган ва шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган транспорт воситалари индивидуал ҳаракатланиш воситалари тоифасига киради.

Уларга электросамокат, электр скейтборд, сегвей, моноғилдирак каби воситалар киради.

Шу сабабли бундай транспорт воситаларини бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилмайди. Шу билан бирга, уларни бошқаришда амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш зарур. Хусусан, электросамокат ва бошқа индивидуал транспорт воситалари велойўлаклардан, улар мавжуд бўлмаган тақдирда эса йўлнинг четки қисмидан ҳаракатланиши лозим.