Президентнинг 24.02.2026 йилдаги ПФ-29-сон Фармонида аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар (ККУ) қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланган.
Мақсадлар:
• уй-жой қурилишини рағбатлантириш ва уй-жойга бўлган ҳуқуқни амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш тўғрисидаги конституциявий норма талабларини бажариш;
• кўп квартирали уй-жой бозоридаги талабга мутаносиб равишда таклифнинг ошиши;
• ККУ қурилишида ер ажратиш жараёнлари ва рухсат бериш тартиб-таомилларини ўз ичига олган инвестиция-қурилиш даври давомийлигини қисқартириш;
• 2040 йилгача кўп квартирали уй-жойлар қурилишида реновация ҳисобига қуриладиган уй-жойлар улушини босқичма-босқич 15 фоиздан 60 фоизга етказиш.
Янги тартибга кўра, ҳар йили стратегик йўналишлар ва уй-жой қурилишининг тармоқ таҳлили асосида Уй-жой дастури (республикада ККУни фойдаланишга топширишнинг мақсадли кўрсаткичлари) ишлаб чиқилади.
Тасдиқланган Уй-жой дастурига мувофиқ Намунавий шакл бўйича келгуси уч йил учун туманлар ва шаҳарлар кесимида кўп квартирали уйлар қурилишининг манзилли рўйхати эълон қилинади.
ККУни барпо этишда мавжуд имкониятлар ва ресурсларни ҳисобга олган ҳолда урбанизация ва комплекс қурилиш тамойиллари асосида реновация лойиҳаларини амалга оширишга устуворлик берилади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда «Янги Ўзбекистон» массивлари учун янги ҳудудларни танлаб олишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган мезонларига мос келувчи массив шаклидаги реновация ва комплекс қурилиш лойиҳаларига «Янги Ўзбекистон» массиви мақоми берилади ҳамда амалдаги тартиблар ва молиялаштириш манбалари қўлланилади.
ККУ қурилиши учун ерларни режалаштириш
«Toshkent Invest kompaniyasi» АЖ ва «Samarqand Invest kompaniyasi» АЖ тажрибаси асосида бир ой муддатда АЖ шаклидаги инвестиция компанияларини ташкил этади. Бунда улар тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасида кўприк вазифасини бажаради, шунингдек Манзилли рўйхатга киритилган барча ККУларни ўз вақтида фойдаланишга топшириш учун жавоб беради.
Инвестиция компаниялари Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, Урбанизацияни ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасига ҳисобот беради.
Инвестиция компаниялари 2026 йилдан бошлаб ҳар чоракда бир марта қуйидаги ер тоифалари кесимида танлаб олинган ер участкаларида Манзилли рўйхатга киритилган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларни ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашларига келишиш учун киритади:
I тоифа – туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти органлари тасарруфидаги бўш турган ер участкалари;
II тоифа – хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат мулки объектлари жойлашган ер участкалари;
III тоифа – бино ва иншоотлар жойлашган бўш турган ёки жисмоний ва юридик шахсларнинг ташаббуси билан ихтисослашуви ўзгартирилган уларга тегишли ер участкалари;
IV тоифа – реновация зоналари;
V тоифа – ер фонди тоифаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартириладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари.
Кейинчалик келишилган ер участкалари Истиқболли қурилиш лойиҳаларини амалга оширишнинг манзилли рўйхатига («Ер банки») киритилади.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб «Ер банки»га киритилган ер участкалари (III тоифага мансуб ер участкалари бундан мустасно) қурилишга тайёр ер участкаси шаклида очиқ электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.
III тоифага киритилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқ эгалари ўз танловларига кўра ККУ қурилишини ўзлари амалга оширишлари ёки ўз ер участкасини шартнома асосида қурилишга тайёр ер участкаси шаклида очиқ электрон онлайн-аукцион савдоларига қўйиш учун Инвестиция компаниясини жалб қилишлари мумкин.
Ипотека кредити
Ипотека дастури доирасида ККУда квартира сотиб олиш учун субсидия ажратиладиган фуқароларнинг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини баҳолаш «subsidiya.idm.uz» тизими орқали автоматлаштирилган режимда инсон омилисиз амалга оширилади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари расмий даромад олаётган фуқароларга, шунингдек, жорий йилда охирги бир йил учун, 2027 йилда охирги икки йил учун, 2028 йилдан бошлаб охирги уч йил учун ижтимоий солиқни ихтиёрий равишда тўлиқ ҳажмда тўлаган ўзини ўзи банд қилган шахсларга ажратилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб йил якунига қадар илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг вақтинча бўш турган пул маблағлари ҳисобидан уй-жой сотиб олишни рағбатлантириш учун Ипотека дастури доирасида ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича мақсадли ипотека омонати амалиёти синов тариқасида жорий этилади.
Бунда ипотека кредити бўйича субсидия бериш тўғрисида ижобий хабарномага эга бўлган фуқаролар ихтиёрий равишда тижорат банкидаги жамғарма ҳисобварағида Ипотека дастури доирасида қайта молиялаштириладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқиладиган бошланғич бадал суммасидан кам бўлмаган миқдорда, сақлаш муддати 12 ойдан ошмаган ипотека омонатини шакллантиради.
Ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш мақсадида ипотека омонатини шакллантирган фуқароларга Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар ипотека омонати энг кам миқдорининг бир қисмини шакллантириш учун олдиндан тўлов сифатида ўтказилади.
Ипотека омонатидаги маблағлар қолдиғига тижорат банки томонидан бозор ставкаси бўйича фоизлар ҳисобланади ва омонатни сақлаш даврида жамғарилган барча маблағлар фоиз тўловлари билан биргаликда ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадални шакллантириш учун мақсадли тартибда йўналтирилади.
Рақамли ва молиявий инфратузилмани ривожлантириш
Жорий этилаётган янги механизмларни рақамлаштириш, шунингдек, тегишли техник топшириқлар ва бошқа зарур ҳужжатларни ишлаб чиқиш мақсадида 2026 йил 1 октябрга қадар қуйидаги имкониятларни босқичма-босқич жорий этишни назарда тутувчи «Уй-жой» ягона рақамли урбанизация платформасини тест режимида ишга тушириш режалаштирилмоқда:
• асосий шаҳарсозлик жараёнлари ва ҳужжатлари бўйича маълумотларни йиғиш, сақлаш ва ҳисобга олиш;
• кадастр ҳисоби ва «Уй-жойнинг ягона ҳаётий даври» тамойиллари асосида объектларнинг ягона идентификаторига асосланган маълумотлар базасини яратиш ва юритиш (ер –лойиҳа – қурилиш/молиялаштириш – уй/квартира – инфратузилма – ижтимоий объект – ва бошқалар);
• «Ер банки» ҳисобини юритиш, унга киритилган ер участкалари рўйхати билан танишиш;
• қурилишни лойиҳалаштириш, экспертизадан ўтказиш, молиялаштириш, қурилиш, ККУни фойдаланишга топшириш (муддатини кўрсатган ҳолда) билан боғлиқ барча жараёнларни кузатиб бориш;
• Уй-жой дастурининг асосий параметрлари, ККУ қурилиш ҳудудларининг тасдиқланган бош режаси, мастер-режаси, олди-сотди шартномалари, объект реквизитлари бўйича маълумотлар билан танишиш.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:
• 2040 йилгача ККУни фойдаланишга топширишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
• 2026-2028 йилларда кўп квартирали уйларни фойдаланишга топширишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
• 2040 йилгача бўлган даврда урбанизация жараёнлари билан узвий боғлиқ ҳолда «Янги Ўзбекистон» массивлари қуриладиган ҳудудлар рўйхати;
• «Янги Ўзбекистон» массивларининг манзилли рўйхати ва улардаги 2026 йилга мўлжалланган ККУнинг мақсадли кўрсаткичлари;
• Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ипотека кредитларини қайта молиялаштиришнинг максимал миқдорлари 15 фоизга оширилади;
• 2026 йилда ипотека кредитлари ажратиш ва улар бўйича субсидиялар тўлашнинг мақсадли кўрсаткичлари;
• 2026 йилга мўлжалланган бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»;
• «Uy-joy» ААТ билан идоралараро интеграцияси тўғридан-тўғри амалга ошириладиган ахборот тизимлари рўйхати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.02.2026 йилдан кучга кирди.