Ўзбекистонда фуқаролар номида нечта банк картаси ва SIM карта борлигини текшириши мумкин бўлади

Ўзбекистонда фуқаролар ўзига нечта банк картаси ва SIM карта расмийлаштирилганини текшириб, ортиқчасини ёптириши мумкин бўлади.

Мамлакатнинг 2026 йилга мўлжалланган давлат дастурида белгиланишича, бу хизмат 2026 йил декабрдан ЯИДХПда йўлга қўйилади.

Фуқаро ўзи номига нечта банк картаси ва нечта мобил алоқа рақами расмийлаштирилганини фақат ўзи кўриши ҳамда зарур ҳолларда ушбу карталар ёки рақамларни бевосита Ягона портал орқали ёпиш учун ариза юбориши мумкин бўлади.

Банклар ва мобил алоқа операторларининг ахборот тизимлари билан хавфсиз API орқали интеграция ўрнатиш, реал вақт режимида маълумот алмашиш имкониятини яратади.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш Марказий банк, манфаатдор вазирлик ва идоралар, алоқа операторлари, тижорат банкларига юклатилди. Рақамли технологиялар вазирлиги эса ижро учун асосий масъул бўлади.