Киберхавфсизлик маркази фирибгарлар Янги йил олдидан фаоллашаётганидан огоҳлантирди

ИИВ Киберхавфсизлик маркази Янги йил байрами олдидан фирибгарлар фаоллашаётганидан огоҳлантирди. Улар Янги йил совғаси кўринишида турли зарарли ҳаволаларни яратиб Telegram орқали тарқатади. Уни очган фуқароларнинг шахсий маълумотлари ва пластик картасидаги пулларни ўзлаштиради.

“Замонавий фирибгарлик усуллари жуда мураккаблашган. Эндиликда гап фақат гап энди оддий “Аpk” “.eхе” каби файллар ҳақида эмас”, дейилади Киберхавфсизлик маркази хабарида.

Қайд этилишича, фирибгарлар энди мессенжер ёки ижтимоий тармоқ орқали интерактив табрикка ўхшатилган фишинг сайтга олиб борадиган ҳаволани юбориши мумкин. Ёки гўёки “юкланмаяпти” деб кўрсатиладиган чиройли GIF-файл юборилиб, уни кўриш учун янгилаш “обновления” таклиф этилади. Яна бир оммавий сценарий — “етказиб бериш хизмати” номидан юборилган хат бўлиб, унда “Янги йил совғасини”ни олиш учун илова — “юк хати”ни юклаб олиб очиш талаб қилинади.

Киберхавфсизлик маркази бундай усуллар инсоннинг қизиқувчанлиги ва байрам кайфиятига қўшилиш истагига таъсир қилишини билдириб, байрам табриклари алмашинуви авжида фирибгарлар қурбонига айланмаслик учун оддий, аммо самарали қоидаларга амал қилиш тавсия этди.

  • Биринчидан, ҳар доим манбага эътибор беринг. Бу инсонни танисизми? Ундан ҳавола ёки файл юборилишини кутганмидингиз? Агар йўқ бўлса, энг тўғри йўл — иловани очмаслик.

  • Иккинчидан, файл форматига қаранг. Ҳатто расм ёки видео сифатида ниқобланган файллар ҳам хавфли бўлиши мумкин. Медиа учун хавфсиз форматлар: .jpg, .png, .gif, .mp4, .webm. .exe, .scr, .bat, .msi форматлари, шунингдек ичида зарарли дастурлар бўлиши мумкин бўлган .zip ва .rar архивларидан эҳтиёт бўлиш лозим

  • Учинчидан, ҳаволалар учун “етти марта текшир” қоидаси амал қилади. Агар қисқа ёки шубҳали ҳавола орқали ўтиш таклиф қилинса, уни босмаслик яхшироқ.

Фото: Киберхавфсизлик маркази

Фирибгарлар озиқ овқат маҳсулотлари, янги йил арчаси, ўйинчоқлар ҳамда бошқа турли буюмларни арзон нархларда сотилиши тўғрисидаги эълонларни жойлаб, уни харид қилиш истагини билдирган фуқароларга пулларни олдиндан тўлашни талаб қилиши ҳам мумкин.

Фуқаро маҳсулот пулини олдиндан тўлаган заҳоти улар аккаунтларни ўчириб, пул тўлаган одамни блокка қўйиб, ғойиб бўлади.

Киберхавфсизлик маркази интернетда харидларни амалга ошираётганда ҳеч қачон пулни олдиндан тўлаб бермасликка чақирди.